Қозоғистон Президенти – Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Мудофаа вазирлигининг раҳбар таркиби билан йиғилиш ўтказди. Тадбир бошида Манғистау вилоятидаги машғулотлар чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар хотирасига бир дақиқалик сукут сақланди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг ота-оналарига ҳамдардлик билдириб, телеграмма йўлладим. Уларнинг яқинларига барча зарур ёрдам кўрсатилади. Ҳеч бир оила четда қолмайди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев фожиа тафсилотларинигина эмас, балки машғулотларни ким ишлаб чиққанини, қўйилган вазифалар замонавий таҳдидларга қанчалик мос келишини аниқлашни талаб қилди. Уларга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш учун масъул бўлган мансабдор шахсларга Ҳукумат комиссияси баҳо бериши керак, деб ҳисоблайди давлат раҳбари. Бундан ташқари, Президент фармойишига мувофиқ, Мудофаа вазирлигида мажмуавий текширув бошланди. Комиссияга Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Аида Балаева раҳбарлик қилади. Давлат раҳбари муассаса фаолиятини тубдан ўзгартириш зарурлигини таъкидлади.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Туб ҳарбий ислоҳотлар вақти келди. Бу кечиктириб бўлмайдиган вазифа. Шу мақсадда кадрлар алмашинувини амалга оширилди. Янги мудофаа вазири Айдос Сакенўғли Мирзахметовни таништираман. У мазкур лавозимни мураккаб бир пайтда қабул қилди. Унинг зиммасига фавқулодда оғир масъулият юкланади, ғоят мураккаб вазифаларни ҳал этиш лозим бўлади. Энг қатъий ҳаракатлар керак.
Асосий мақсад - рақамли технологиялар ва илғор халқаро тажрибага мос қўмондонлик тизимини қўллаган ҳолда, янги низомдаги армияни шакллантириш. Президент октябрь ойида Хавфсизлик кенгаши кўриб чиқиши учун аниқ ва тушунарли Ҳарбий ислоҳотлар режасини тайёрлашни топширди. Бундан ташқари, янги вазир олдига яна бир қатор муҳим вазифалар қўйилди. Шу жумладан, бюджет имкониятларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, мафкуравий ва тарбиявий ишларни кучайтириш зарур.
Абдумалик Сарманов
таржимаси

