Экспертлар сайлов кампанияси якунларини муҳокама қилди

Экспертлар сайлов кампанияси якунларини муҳокама қилди

Астанада маҳаллий ва хорижий сиёсатшунослар, таҳлилчилар ва жамоат кузатувчилари Қозоғистон стратегик тадқиқотлар институтининг “Сайлов 2026” эксперт платформасида сайлов кампанияси якунларини муҳокама қилди. Янги Конституция қоидаларини ҳаётга татбиқ этиш масалаларига ҳам эътиборқаратилди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, кампаниянинг якунланиши ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб беради. Шу тариқа, Қурултойнинг якуний таркиби аниқлангандан сўнг, унинг раҳбарияти ва қўмиталари шакллантирилади. Учрашув иштирокчилари, шунингдек, янги парламент модели қонун яратиш сифатига ва депутатлар ўртасида масъулият тақсимотига қандай таъсир кўрсатиши мумкинлигини таҳлил қилди. Ўтган кампаниянинг асосий хусусиятларидан бири - унинг рақобатбар шароитида ўтиши, дейилди. Экспертларнинг фикрича, сайловда фаоллик кўрсатган Қозоғистон жамияти Президент Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг сиёсий йўлини қўллаб-қувватлаётганидан далолат беради.

Жандос Шаймарданов, Қозоғистон Республикаси Президенти қошидаги Қозоғистон стратегик тадқиқотлар институти директори:

- Овоз берган сайловчилар улуши 74 фоиздан ошди. Уларнинг деярли тўртдан уч қисми фуқаролик фаоллигини кўрсатди. Ўтказилган тадбирлар доирасида сиёсий рақобат кучайиб бораётганини кўрдик. Умуман олганда, экспертлар ҳамжамияти сайлов кампанияси жуда фаол, тортишувларда ўтди, деган фикрда.

Америкалик эксперт Кен Мориясу сиёсий ўзгаришлар муҳимлигини таъкидлади. Улар, аввало, давлатнинг самарали ва изчил ишлашига ёрдам беради. Бундан ташқари, Hudson Institute катта ходими Қозоғистондаги ўзгаришларни хорижда, шу жумладан, АҚШда ҳам диққат билан кузатишаётганини таъкидлади.

Кен Мориясу,  Hudson Institute катта ходими:

- Вашингтонда, ва умуман Қўшма Штатларда Қозоғистонга катта қизиқиш бор. Менимча, Америкада Марказий Осиё буюк давлатлар ўртасидаги рақобат шароитида тобора муҳим аҳамият касб этаётгани маълум. Қозоғистоннинг барқарор сиёсий тизим яратишга қаратилган саъй-ҳаракатлари Америкада катта қизиқиш уйғотади.

Абдумалик Сарманов таржимаси