Қозоғистонда муҳим материаллар саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгиланди. Мамлакат хомашёни шунчаки қазиб олиш ва сотишдан юқори технологик қайта ишлашга ўтиш ниятида. Қозоғистоннинг глобал ишлаб чиқариш занжирларидаги ўрнини мустаҳкамлаш учун Астанада ўта муҳим материаллар миллий лабораторияси ташкил этилади. У маҳаллий хомашё базаси салоҳиятини баҳолаш, янги ишлаб чиқаришларни ўзлаштириш истиқболларини аниқлашга ёрдам беради. Батарея материалларини ишлаб чиқариш, реактив двигателлар ҳамда яримўтказгичлар саноати қисмлари учун материалларни қайта ишлаш ва ишлаб чиқариш, шунингдек, доимий магнитларни ишлаб чиқариш учун тўлиқ цикл шакллантириш кабиларга эътибор қаратилади. Бундай маҳсулотларга автомобилсозлик, авиация ҳамда муқобил энергетика соҳаларида талаб катта.
Нурлибек Налибаев, Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари:
- Хорижий инвестициялар учун лойиҳалар жамламаси шакллантирилди. Уларни амалга оширишга Германиянинг Bergbau AG, Корея геология-геофизика тадқиқотлари ва минерал захиралар институти, Австралиянинг Lindian Resources Limited компанияси ва бошқа халқаро ташкилотлар жалб этилмоқда.
Муҳим материаллар ишлаб чиқаришни ривожлантириш хомашё базасини кенгайтиришни талаб этади. Шунинг учун Қозоғистонда ер ости бойликларини ўрганиш фаоллашди, илғор қидирув усуллари жорий этилмоқда. Бирга 50 минг масштабли геологик съёмка ишлари бошланди. Келгуси уч йилда 100 минг квадрат километр майдонда 20 та лойиҳа ишга туширилади. Конларни аниқлаш учун сунъий интеллект, сунъий йўлдош тасвирлари ҳамда дронлар қўлланилади. Дастлабки натижалар еттита участканинг салоҳиятини кўрсатди. Келгуси йилда уларни кимошди савдосига қўйиш режалаштирилган. Мамлакатда Ер ости бойликларидан фойдаланишнинг ягона платформаси шакллантирилмоқда. У геологик маълумотларни бир жойда тўплаш ва улардан истиқболли конларни аниқлашда фойдаланиш имконини беради.
Абдумалик Сарманов таржимаси

