Қозоғистоннинг гендер тенглиги соҳасидаги ислоҳотлари ЕХҲТ да тақдим этилди

Қозоғистоннинг гендер тенглиги соҳасидаги ислоҳотлари ЕХҲТ да тақдим этилди

Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти Қозоғистонда аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган ишларни қўллаб-қувватлайди. Ташкилотнинг Варшавада бўлиб ўтган анжуманида делегатлар гендер тенглиги масаласини муҳокама қилди. Маҳаллий экспертлар йиғилишда ушбу йўналишдаги ислоҳотлар натижаларини тақдим этди. Бугунги кунда Қозоғистон гендер тенглиги бўйича Марказий Осиёда пешқадам. Мамлакатда судьялар, шунингдек, давлат хизматчиларининг 50 фоиздан ортиғини аёллар ташкил этади. Икки йил аввал оилавий зўравонликка қарши курашишга қаратилган қонун қабул қилинди. Ҳозир жиноятлар олдини олиш, жабрланувчиларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ҳимоя қилишга қаратилган яна иккита қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Қозоғистон халқаро мажбуриятларини бажариш бўйича кенг кўламли ишларни амалга оширмоқда. БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1325-резолюциясини амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар режаси янгиланди.

Карина Вегржиновска, Европа Кенгашининг Варшавадаги ваколатхонаси раҳбари:

- Европа Кенгашининг Истамбул конвенцияси - оиладаги зўравонлик, зўравонликнинг ҳар қандай шаклининг олдини олиш, унга қарши курашишга қаратилган халқаро миқёсда ҳуқуқий кучга эга кенг кўламли ҳужжат. Қозоғистоннинг ушбу конвенцияга қўшилганидан мамнунмиз. Биз буни мамлакатингизда тенгликни таъминлаш йўлидаги муҳим қадам деб ҳисоблаймиз.

Абдумалик Сарманов таржимаси