Қозоғистон Президенти ва қирол Филипп Қозоғистон-Бельгия Тадбиркорлар кенгашининг 4-йиғилишида иштирок этди. Қосим-Жўмарт Тўқаев олийнасаб меҳмонларнинг ташрифи дўстлик ҳамда икки томонлама шерикликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга бўлган умумий интилишнинг ёрқин ифодаси эканини таъкидлади. Бельгия Қозоғистон иқтисодиётининг энг йирик сармоядорлар ўнталигига киради. Сўнгги йигирма йил ичида Бельгия компаниялари 15 миллиард доллардан зиёд инвестиция киритди. Мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми йил бошидан буён 10 фоизга ўсди. Бироқ, Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлаганидек, бу сўнгги чегара эмас. Давлат раҳбарининг айтишича, транспорт билан логистика ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг асосий йўналишларидан бири. Қозоғистон Ўрта йўлак бўйлаб автомобиль ва темир йўл инфратузилмаси, денгиз портлари ҳамда терминалларини фаол модернизация қилмоқда.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Шу нуқтаи назардан, Европанинг энг йирик логистика марказларидан бири бўлган Бельгиянинг бой тажрибаси биз учун алоҳида аҳамиятга эга. Биз Антверпен-Брюгге порт мажмуасининг Каспий денгизидаги Ақтау ва Қуриқ портлари билан амалий ҳамкорлигини ўрнатишга умид қиламиз. Бу Қозоғистоннинг металл, нефть-кимё ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун янада кенг бозорлар очиш имконини беради.
Ўзаро ҳамкорликнинг навбатдаги истиқболли йўналиши - сунъий идрок ва технологиялар саноати. Давлат раҳбари саноатнинг илғор тармоқларини ривожлантириш марказлари сифатида «AlemAi» ҳамда «Alatau City» имкониятларини кўриб чиқишни таклиф қилди. Ўзаро манфаатли соҳалар қаторига энергетика, ўта муҳим материаллар билан бир қаторда нефть-кимё ҳам бор. Қосим-Жўмарт Тўқаев Бельгия компанияларини чуқур қайта ишлаш, юқори қўшимча қийматли полимер маҳсулотлар ишлаб чиқариш лойиҳаларида иштирок этиш таклифини билдирди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Мақсадимиз - маҳаллий қайта ишлаш саноатини ривожлантириш ва юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш. «John Cockerill» компаниясининг «Qarmet» билан рух ҳамда бошқа ҳимоя қопламалари яратиш учун янги қувватларни ишга тушириш бўйича ҳамкорлиги саноат йўналишидаги шерикчиликнинг ҳақиқий намунаси бўла олади. Бельгиялик ҳамкорларнинг геологик-қидирув ишлари, хомашё ва металларни чуқур қайта ишлашдаги иштирокини олқишлаймиз.
Бундан ташқари, Қозоғистон тиббиёт соҳасида, хусусан, онкологик касалликларни даволашнинг илғор усулларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, мутахассислар тайёрлашда ҳамкорликдан манфаатдор. Президент Бельгия компанияларига мамлакатимизда корхоналар очишни таклиф этди. Қирол Филипп ҳам Брюссель билан Астана Европа ва Марказий Осиё алоқаларни мустаҳкамлаш учун барча шарт-шароитларга эгалигини таъкидлади.
Филипп, бельгияликлар қироли:
- Европа Иттифоқининг юрагида жойлашган Бельгия кириш дарвозаси сифатида хизмат қилади, технология, инновация, тоза энергия, логистика ҳамда халқаро савдо соҳаларида катта тажрибага эга. Қозоғистон, ўз навбатида, Евроосиёни ўзаро боғловчи энг муҳим бўғин ҳисобланади. Бетакрор географик жойлашуви ва салмоқли табиий захиралари туфайли у савдо, инвестиция, яшил иқтисодиётни ривожлантиришнинг минтақавий марказига айланиб, дунё даражасида алоҳида ўрин эгаллади. Бу бир-бирини тўлдирувчи ҳамкорлик учун замин яратиши табиий ҳол ҳисобланади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.

