Қозоғистон туб ўзгаришлар йўлида давом этади. Қосим-Жўмарт Тўқаев қутқарувчиларни тақдирлаш маросимида сўзлаган нутқида таъкидлашича, жамият ҳаётининг барча соҳаларида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
– Мамлакат олдида аниқ ва равшан мақсад-вазифалар турибди. Биз адолатли, илғор, кучли ҳамда тоза Қозоғистонни биргаликда қурмоқдамиз, унда «Қонун ва тартиб» тамойили, бирлик, ҳамжиҳатлик ҳукмрон бўлиши лозим. Умумхалқ томонидан қўллаб-қувватланган янги Конституция 1 июлдан қонуний кучга кирди. Бу - тарихий воқеа! Конституциямиз дунёнинг кўплаб мамлакатларида катта қизиқиш уйғотди. Ёруғ келажакка йўл очувчи, миллатнинг йўлчи юлдузи бўлган Асосий қонун замон талабларига мос равишда мутлақо янги қиёфа касб этди. Конституциямизда инсон ва унинг ҳаёти олий қадрият экани аниқ белгилаб қўйилган.
Давлат раҳбари чуқур ислоҳотлар туфайли мамлакат бошқарув тизими тўлиқ янгиланганини таъкидлади.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
– Бир палатали Қурултой ишга киришди. Конституциявий мақомга эга бўлган олий маслаҳат органи - Қозоғистон Халқ Кенгаши ҳам фаолиятини бошлади. Хавфсизлик Кенгаши ислоҳ қилинди. Яқин кунларда барча даражадаги маслихатларга сайловлар ўтказилади. Айни пайтда, Қуролли Кучларни ислоҳ қилиш ҳамда янги турдаги армияни шакллантириш бўйича ишлар бошланди. Қозоғистон армияси илғор, кучли, замонавий талабларга жавоб бера олиши, ҳар қандай таҳдидга қарши туриши керак.
Абдумалик Сарманов
таржимаси

