Астана шаҳрида МДҲ давлатлари Чегара қўшинлари қўмондонлари кенгашининг 93-йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ҳамдўстликка аъзо 9 та давлат, шунингдек, халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Асосий мавзулар: ташқи чегаралар хавфсизлигини мустаҳкамлаш, терроризм, экстремизм ва трансмиллий жиноятчиликка қарши курашиш. Йиғилишда хавфсизлик соҳасидаги янги таҳдидлар шароитида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, иштирокчилар чегара идоралари ўртасида ахборот алмашинувини автоматлаштириш ҳамда қўшма амалиётлар самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратди. Иштирокчилар таъкидлашича, келгуси йилда ташкил этилганининг 35 йиллиги нишонланадиган Қўмондонлар кенгаши ўз фаолияти давомида минтақавий барқарорликни таъминлашнинг муҳим механизмига айланди.
Нурлан Сейтимов, МДҲ Бош котиби ўринбосари:
- Ҳамкорлигимиз иккита муҳим юбилей арафасида ўтаётгани рамзий маънога эга. Бу йил Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ташкил топганининг 35 йиллиги нишонланмоқда. Бу ташкилот собиқ совет ҳудудида кўп томонлама ҳамкорлик модели ҳаётийлиги ва зарурлигини тасдиқлай олди. 2027 йилда Чегара қўшинлари қўмондонлари кенгашининг 35 йиллиги биргаликдаги амалга оширилган кўп йиллик фаолият қадрини тасдиқловчи муҳим босқич сифатида нишонланади. Ушбу икки сана теран узвийликни акс эттиради. Кенгаш ҳамкорликнинг асосий тамойилларини равнақ топтириш мақсадида ташкил этилган ва ўтган ўн йиллар давомида МДҲ хавфсизлик тузилмаларининг ажралмас қисмига айланган.
Абдумалик Сарманов таржимаси.

