Астанада бизнес учун СИ-навигатор тақдим этилди

Астанада бизнес учун СИ-навигатор тақдим этилди

Сунъий интеллект қозоғистонлик тадбиркорларга қонунчиликнинг барча нозик жиҳатларини тушунишга ёрдам беради. Астанада «Бизнес учун мажбурий талаблар реестри» пилот лойиҳаси тақдим этилди. Миллий иқтисодиёт вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган янги тизим турли қонунлар, кодекслар, қарорлар ва идораларнинг буйруқларидан иборат меъёрларни бир платформада тўплайди ва таҳлил қилади. Тадбиркор  платформада юридик шахс рақами, йўналиши ёки фаолият турини кўрсатиши кифоя. Хизмат мустақил равишда шахсий профилни шакллантиради, қандай рухсатномалар кераклигини, қандай талаблар борлиги ва муддатларни аниқлайди. Сунъий интеллект берган ҳар бир меъёр реестрга киритилишидан олдин ваколатли давлат органи томонидан текширилади. Тизим қонунчиликдаги ўзгаришларни кузатиб боради, такрорланувчи ёки бир-бирига зид талабларни аниқлайди. Келажакда платформа имкониятлари кенгаяди. Миллий иқтисодиёт вазирлиги таъкидлашича, сунъий идрок нафақат тадбиркорлар саволларига жавоб бериши, балки уларнинг фаолиятини чуқурроқ таҳлил қилиши керак.

Бекбўлат Мўлдабеков, Қозоғистон Республикаси Миллий иқтисодиёт вазири ўринбосари:

- Биз сунъий интеллект ёки порталимиз шунчаки «мана савол-жавоб, мана сенга лицензия, бор, ишла» дейишини истамасдик. У мониторинг қилиб, бизнес моделларини кўра оладиган бўлиши керак, деб ўйлаймиз. Бу ерда фақат сунъий интеллект агенти эмас, ундан бошқа нарсалар ҳам кўп. Алоҳида сунъий идрок агентлари турли давлат органлари, масалан, Молия вазирлиги, Меҳнат вазирлиги, бошқалар учун жавоб беради. Лойиҳа икки ой давомида синалади. Агарда ҳеч қандай йирик муаммо кузатилмаса, тизим тўла куч билан, барча фойдаланувчилар учун ишлай бошлайди.

Абдумалик Сарманов таржимаси.