Алматида «Қозоғистон - Хитой» инвестиция форуми бўлиб ўтди. Тадбир олдидан Манғистау вилоятида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар хотирасига бир дақиқа сукут сақланди.
Янги «олтин ўттиз йиллик»да Қозоғистон-Хитой ҳамкорлиги барча муҳим соҳаларда кенг қамровли тус олди, деди Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев. Хитой Қозоғистоннинг асосий савдо шериги бўлиб қолмоқда. Ўтган йили мамлакатлар ўртасидаги товар айланмаси 50 миллиард долларга яқинлашди. Келажакда бу кўрсаткич 100 миллиардга етиши режалаштирилган. Хитойнинг мамлакатимиз иқтисодиётига киритган сармояси 29 миллиард доллардан ошди. Инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисида битим ратификация қилиниши икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришга асос бўлди. Давлат раҳбари транспорт алоқаларини ривожлантиришга алоҳида тўхталди. Қозоғистон Ўрта йўлак, темир йўл ва автомобиль йўллари, шунингдек, порт қувватларини кенгайтиряпти. 2029 йилга бориб Хитойдан Европага қатновчи контейнер поездлари сони уч мингтага етиши кутилмоқда.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
– Шу йилнинг август ойида «Орол-Каспий» автомагистрали қурилишига старт бердим. Янги йўналиш Шарқ-Ғарб йўналишининг ўтказиш қувватини бир неча марта оширади. Яқин кунларда «Мўйинти – Қизилжар» ва «Бақти – Аягўз» темир йўл линиялари қурилиши якунланади. Юк ташишнинг шаффофлиги «Ақлли чегара» пилот лойиҳаси доирасида рақамли технологияларни биргаликда жорий этиш орқали таъминланади. Хитойнинг «Minmetals Logistics» корпорацияси билан ҳамкорликда учувчисиз транспорт технологиялари ва рақамли ечимларга эга логистика коридори яратилмоқда.
Саноат кооперацияси ҳам фаол ривожланмоқда. Ҳозир Қозоғистон ва Хитой умумий қиймати 62 миллиард доллардан зиёд бўлган 260 та лойиҳани амалга оширмоқда. Президент йирик ташаббусларни рўёбга чиқариш учун тегишли молиявий тузилма зарурлигига эътибор қаратди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Қозоғистон инвестиция циклини имкон қадар қисқа, шаффоф ва технологик илғор шаклда яратиш ниятида. Сармояни жалб қилиш миллий компанияси қошида Қозоғистон-Хитой инвестиция жамғармасини ташкил этиш тўғрисидаги битимнинг имзоланиши бу борадаги навбатдаги муҳим қадам.
Президент, шунингдек, форумни ҳар йили ўтказишни таклиф қилди. У тадбиркорларнинг бевосита ҳамкорлигини кенгайтиради. Тадбир якунида янги келишувларга эришилди. Томонлар 10 та битим имзолади. Янги ишлаб чиқариш қувватлари яратиш, энергетика ва инфратузилмани ривожлантириш, қўшма лойиҳаларни молиялаштириш шулар жумласидан. Қосим-Жўмарт Тўқаев видеоалоқа орқали Жамбил вилоятидаги маккажўхорини чуқур қайта ишлаш саноат парки қурилишига старт берди. Биринчи босқичда мажмуага 350 миллион доллар сармоя киритилди. Завод йилига 500 минг тоннагача маккажўхорини қайта ишлаш қувватига эга.
Абдумалик Сарманов таржимаси

