Сайлов куни ҳудудларда умуммиллий тарихий воқеа руҳи сезиляпти. Қозоғистонликлар сайлов участкаларига
яхши кайфиятда, оилалари билан, баъзилари
эса ижодкорлигини намойиш қилган ҳолда келяпти. Шу жумладан, Алмати вилоятидаги Карповлар оиласи бу кун узоқ вақт унутилмаслиги учун овоз беришга
"Қурултой" ёзуви туширилган ҳаво шарида учиб
келди.
Александр Карпов, Алмати вилоятидан:
- Умуман олганда, Конституция биз, Қозоғистон
Республикасининг ҳар бир фуқароси учун турмуш пойдеворини яратди. Овоз бериш Қозоғистон Республикаси фуқароларининг
бурчи, у келажагимизни белгилайди.
Захирадаги офицер ва парашютчи Тимофей Меркулов ҳам
сайловга ғайриоддий кўринишда келди. У самолётдан сакради ва бевосита сайлов участкаси ёнига қўнди. Шу тариқа у Қурултойга сайловларига
қозоғистонликларнинг эътиборини жалб этишга
интилди.
Уральскда эса сайловлар одатдагидан фарқли, технологик мезбон пешвоз чиқди. Участкалардан бирида фуқароларни робот-трансформер кутиб олди. У ташриф буюрувчиларни қутлаб, овоз беришда иштирок этгани учун миннатдорчилик билдирди. Ноодатий ёрдамчи маҳаллий ахборот технологиялари институти талабалари томонидан яратилган.
Бекнур
Қабдиғалиев, Ғарбий Қозоғистон инновация-технология университети ахборот
маркази директори:
-
Унинг исми Бабл Бей. Ўз шаклини
ўзгартира олувчи робот. Айниқса, болалар учун қизиқарли. Роботни яратишга
икки-уч ой вақтимиз кетди. У гаплаша олади ва турли вазифаларни бажаради.
Қозоғистоннинг
энг кекса фуқароси ҳам конституциявий ҳуқуқидан яна бир бор фойдаланди. Улитау вилоятидаги 116 ёшли Туймегул Темирбаева ўз уйида
овоз берди. Участка комиссияси аъзолари унга кўчма сайлов қутиси келтиришди. Буви ёш авлодга
сиҳат-саломатлик ва фаровонлик, дунёга тинчлик ва Қозоғистонга порлоқ келажак
тилади.
Туркистонда
сайловлар куни Марказий стадиондаги
бадантарбия машқлари билан бошланди. Шаҳар
аҳолиси саҳарлаб овоз беришдан олдин тетикланиш ва куч
тўплаш учун тўпланди. Ташкилотчиларнинг таъкидлашича,
ташаббус соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга,
фуқаролик фаоллиги муҳимлигини эслатишга
қаратилган.
Абдумалик Сарманов таржимаси.

