3 сентябрь куни Қозоғистонда Қозоқ тозиси куни нишонланмоқда

3 сентябрь куни Қозоғистонда Қозоқ тозиси куни нишонланмоқда

Бугун Қозоғистонда биринчи марта Қозоқ тозиси куни нишонланмоқда. Ушбу ит зоти асрлар давомида халқнинг содиқ йўлдоши бўлган, бугунги кунда маданий мероснинг ажралмас қисми ҳисобланади. Қозоғистон Президенти уларни асраб-авайлашга, халқаро миқёсда тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратяпти. Давлат раҳбарининг маслаҳатчиси - матбуот котиби Айбек Смадияровнинг айтишича, Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг топшириғига кўра, тизимли ишлар амалга оширилган. Қозоқ зотларини сақлаш ва кўпайтириш бўйича қонун қабул қилинди. Қозоғистон Халқаро кинология федерациясининг тўлақонли аъзоси бўлди, 2024 йилда този халқаро миқёсда дастлабки эътирофга сазовор бўлди, Қозоғистон эса зотнинг келиб чиқиш мамлакати сифатида расман тасдиқланди. Ҳозир машҳур қозоқ тозисини оммалаштириш учун ҳам кўп ишлар қилинмоқда. Брюсселда "Шамолдан учқур този" фотокўргазмаси ўтказиляпти. Экспозицияда дашт овчи итларининг тарихи, ташқи кўриниши, анъанавий овдаги ўрни ҳақида ҳикоя қилувчи фотосуратлар тақдим этилган. Илгари бундай кўргазмалар Финляндия, Туркия ва Эстонияда ўтказилган. Брюсселдаги тадбирда Халқаро кинология федерацияси ижрочи директори ва Брюссель шаҳар раҳбарияти вакиллари иштирок этмоқда.

Абзал Дўсиман, «Nomad» миллий ов клуби жамоат жамғармаси аъзоси:

– Европа мамлакатларида қозоқ тозиси ва тобетига қизиқиш жуда юқорилигини кўряпмиз. Масалан, Брюсселда ушбу тадбирга ташриф буюрганлар, томошабинлар жуда кўп. Кўргазмада қатнашиш учун Халқаро кинология федерацияси ижрочи директори ҳам ташриф буюрди.

Абдумалик Сарманов таржимаси.