ТуркПА ва ШҲТ кузатувчилари

ТуркПА ва ШҲТ кузатувчилари

Туркий давлатлар Парламент Ассамблеяси миссияси кузатувчилари Қозоғистондаги сайлов жараёни очиқлигини таъкидлади. Улар овоз беришга бўлган қизиқиш ва фуқароларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этаётганини тилга олди. Халқаро кузатувчилар ва хорижий матбуотга кўмак марказида ўтказилган брифингда ТуркПА вакиллари сайлов Конституция, конституциявий қонун ва халқаро стандартларга мувофиқ юқори даражада ташкил этилгани ва ўтказилганини кўрсатиб ўтди.

Ўсман Местен, Туркий давлатлар Парламент Ассамблеяси миссияси раҳбари, ТуркПА Ҳуқуқий масалалар ва халқаро муносабатлар бўйича комиссияси раиси, Туркия Буюк Миллий мажлиси депутати:

- Бугун соат 7:00 дан бошлаб делегациямиз вакилларининг бир қисми сайлов участкаларининг очилишини кузатди. Барча жараёнлар халқаро стандартларга мувофиқлигини кўрдик, участкаларда тегишли масъуллар, сайлов комиссиялари раислари ва кузатувчилар бор эди.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти кузатувчилари миссияси вакиллари Астананинг турли туманларидаги бир неча сайлов участкаларида бўлгани, овоз бериш жараёни, сайловчилар учун яратилган шароитлар, шунингдек, участка сайлов комиссиялари фаолияти билан танишганини таъкидлади. Миссия вакиллари кузатувчилар учун яратилган шарт-шароитларни алоҳида таъкидлади, якуний баҳо сайлов, қонунчиликда назарда тутилган барча тартиб-таомиллар якунлангандан сўнг маълум қилинишини билдирди.

Т.Р. Мидхун, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби ўринбосари:

- Миссия аъзолари йўналишларни мустақил белгилаган ҳолда сайлов участкаларига эркин ташриф буюрмоқда. Ишимиз учун зарур шароитлар яратилган.

Абдумалик Сарманов таржимаси.