Туркманистон юк ташиш ҳажмини 10 фоизга кўпайтирди

Туркманистон юк ташиш ҳажмини 10 фоизга кўпайтирди

Марказий Осиё давлатлари, шу жумладан, Туркманистон транзит салоҳиятини оширмоқда. Жорий йилнинг олти ойида мамлакатнинг халқаро транспорт йўлаклари орқали 10,5 миллион тоннадан зиёд юк ўтказилди. Бу эса 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 10 фоизга кўп. Мамлакат бўйлаб амалга оширилаётган кенг кўламли инфратузилма лойиҳалар фаол ривожланишни таъминламоқда.


Узунлиги қарийб 600 километр бўлган “Ашхобод – Туркманобод” автомобиль йўлида ҳаракат суръати ошяпти. У пойтахтни республиканинг шарқий ҳудудлари билан боғлайди, Ўзбекистон чегарасига, Туркманбоши халқаро денгиз портига чиқишни таъминлайди. Янги трасса туфайли юк етказиб бериш вақти бир неча суткадан 12-15 соатгача қисқарди. Замонавий инфратузилма ва логистикани рақамлаштириш ҳаракатни тезлаштирди, самарани оширди.


Мекан Ёвбасаров, Туркманистон Автомобиль транспорти вазирлиги мутахассиси:


- Ҳужжатларни рақамлаштириш иш самарадорлигини ошириш учун муҳим жиҳат ҳисобланади. Халқаро йўлаклар учун божхона жараёнларидан ўтишни тезлаштиришда электрон ҳужжатларга ўтиш ўта муҳим. Шунингдек, Туркманистон ҳудудида божхона соҳасига мўлжалланган электрон дастурлар ва тегишли базалардан кенг фойдаланилади.


Яна бир муҳим лойиҳа - Қозоғистон билан транспорт алоқасини ривожлантириш. Гарабўғазкўл кўрфази орқали ўтадиган янги автомобиль кўприги икки давлат ўртасидаги халқаро йўналишнинг бир қисмига айланади. Унинг ўтказиш қуввати етти марта ошиши, сарфланадиган вақт икки баробар қисқариши кутилмоқда. Бу йўналиш орқали Туркманистон минерал ўғитлар ва нефть маҳсулотларини экспорт қилиш ниятида. Бундан ташқари, Россия ва Қозоғистондан Эрон ва Ҳиндистонга транзит орқали металл, техника, ун ва дон ташилади.


Руслан Башимов, Туркманистон Автомобиль транспорти вазирлиги иқтисодчиси:


- Бу кўприк оғир юк ташувчи транспорт воситалари айланмасдан, тўғри Қозоғистон чегарасига боришига имкон беради. Кўприк 50 тоннагача бўлган оғир юк машиналари учун мўлжалланган бўлиб, бу Европа ва Россиядан Эрон ва Ҳиндистонга оммавий транзит имконини беради. Автобан Туркманбоши халқаро портига уланган, у Туркманистонни қуруқлик ва денгиз йўллари ўртасидаги самарали юк ташиш пунктига айлантиради.


Туркманистон темир йўлларни ривожлантиришга эътибор қаратмоқда. Инфратузилма модернизация қилиняпти, локомотив парки янгиланяпти, «Шимол-Жануб» ва «Шарқ-Ғарб» транспорт йўлаклари мустаҳкамланмоқда.


Ягона логистика тизимида Туркманбоши халқаро денгиз порти муҳим ўрин тутади. Контейнер терминали йилига 400 мингтагача контейнерни ўтказа олади, Осиё ва Европа ўртасидаги юклар тез етказиб берилишини таъминлайди.


Мамлакат денгиз флотини ҳам ривожлантирмоқда. «Гадамли» қуруқ юк ташувчи кема, «Дўстлик» нефть танкери фойдаланишга топширилди.


Абдумалик Сарманов таржимаси