Сиёсатшунос: Теледебатлар Қурултой сайловидаги муҳим босқич

Сиёсатшунос: Теледебатлар Қурултой сайловидаги муҳим босқич

Қурултойга сайлов кампаниясининг ўзига хос хусусияти Қозоғистон партиялари ўртасидаги очиқ мунозаралар бўлди. Сиёсатшуносларнинг таъкидлашича, теледебатларда қатнашиш сиёсий бирлашмаларга ўз дастурларини тақдим этиш, асосий масалаларни муҳокама қилиш ва фуқаролар олдида мавқеини асослаш имконини беради. Мутахассисларнинг фикрича, бу формат демократик маданиятни ривожлантиришга ёрдам беради, сиёсий кучлар ва жамият ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлайди. Халқаро тадқиқотлар шуни кўрсатадики, очиқ муҳокамалар сайловчиларнинг сиёсий партияларга бўлган ишончини оширади. Сиёсатшунослар таъкидлашича, Қурултой сайловлари ҳозир кун тартибидаги асосий мавзулардан бирига айланди.


Жанар Тулиндинова, Қозоғистон Республикаси Президенти қошидаги Қозоғистон стратегик тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи:


- Сайлов кампанияси даврида парламентга боришга даъвогар партиялар ўртасидаги  дебатлар янги босқичга кўтарилганини кўриб турибмиз. Илгари сайлов арафасида одатда биргина фикр алмашиш юз берса, жорий йилда катта ютуққа эришилди, дебатлар бир неча босқичда ўтмоқда. Барча миллий телеканаллар бу ишга жалб қилинган. Ҳар бир телеканал ўз форматини таклиф этяпти. Партиялар ўз далиллари билан сайловчиларни жалб қилишга, рақобатчиларини озроқ танқид қилишга интилмоқда, бу сиёсий маданият юксалаётганини кўрсатади.


Эслатамиз, эртага, 12 август куни Қозоғистон Президенти Телерадиомажмуаси таркибига кирувчи Jibek Joly телеканалида навбатдаги теледебатлари бўлиб ўтади. Асосий мавзу: «Қонун устуворлиги - Адолатли жамият асоси». Ҳар бир партиядан иккитадан спикер сўзга чиқади. Улар "Қонун ва тартиб" конституциявий тамойилини рўёбга чиқариш бўйича ёндашувларини тақдим этади. Рақибларнинг саволларига жавоб беради.

Абдумалик Сарманов таржимаси.