Сеулга давлат ташрифи билан борган Қозоғистон Президенти БМТнинг собиқ Бош котиби, Глобал яшил ўсиш институти раиси Пан Ги Мунни қабул қилди. Қосим-Жўмарт Тўқаев ривожланаётган мамлакатлар яшил иқтисодиётга ўтишида институтнинг қўллаб-қувватлаши муҳимлигини таъкидлади. Пан Ги Мун, ўз навбатида, Қозоғистоннинг барқарор ривожланиш соҳасидаги ютуқларини олқишлади ва глобал иқлим кун тартиби доирасида ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини маълум қилди. Суҳбатдошлар БМТни ислоҳ қилиш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев «Hanwha Group» раиси ўринбосари Ким Дон Вон билан ҳам музокара ўтказди. Инвестициявий ва технологик ҳамкорлик асосий мавзу бўлган суҳбатда давлатимиз раҳбари Қозоғистонда сунъий идрок миллий экотизимини шакллантириш, рақамли инфратузилмани ривожлантириш ҳақида сўз юритди. Президент «Hanwha Group» компаниясига Марказий Осиё бозорларига чиқиш учун технологик платформа сифатида мамлакатимиздан фойдаланиш, қўшма лойиҳаларни амалга оширишни таклиф этди. Ким Дон Вон корпорациянинг Қозоғистон билан ҳамкорлиги 1997 йилдан бери давом этаётганини, Hanwha Group бу алоқаларни кенгайтиришни мақсад қилганини билдирди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев «Lotte Group» раиси Дон Бин Шин билан янги инвестиция лойиҳаларини муҳокама қилди. Компания озиқ-овқат саноати, логистика ва меҳмонхона бизнесига сармоя киритиш ниятида. Қозоғистон Президенти Алматида «Lotte» бренди остида меҳмонхона қуриш бўйича келишувни олқишлади. Компания «Alatau City»ни ривожлантириш лойиҳаларида, жумладан, «Iconic Cомплех»ни яратишда иштирок этишни режалаштирмоқда.
Давлат раҳбари «Hyundai Motor Group» компанияси президенти, стратегия ва режалаштириш бўлими раҳбари Сунг Кимни ҳам қабул қилди. Учрашувда Корея томонидан «Hyundai Engineering» ва «Kia» автоконцерни вакиллари ҳам иштирок этди. Президент Қозоғистонни автомобиль ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш бўйича йирик минтақавий марказга айлантириш вазифаларини тилга олди. Бунда тўла циклли заводлар қурилиши, электромобиллар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳамкорликнинг муҳим йўналиши бўла олади. Учрашув якунида Ғарбий Қозоғистонда газни қайта ишлаш заводи барпо этиш ва янги «Hyundai Tucson» моделини ишлаб чиқариш борасида келишиб олинди.
Қозоғистон Президенти «KIND» корпорацияси раҳбари Ким Бок Хван билан ҳам «Alatau City»ни ривожлантириш масаласини муҳокама қилди. Қосим-Жўмарт Тўқаев янги шаҳарнинг инфратузилмавий ва инвестициявий лойиҳаларига қўшилишни таклиф қилди. Қўшма инвестиция жамғармаси ташкил этиш, Ақтау ва Қуриқ портлари, минтақавий аэропортларни ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Учрашув якунида «KIND» эндиликда «Alatau Smart City» лойиҳасининг бош режасини ишлаб чиқишда иштирок этиши тўғрисида келишувга эришилди.
Абдумалик Сарманов таржимаси.

