Астана "Келажак ўйинлари - 2026"га мезбонлик қилмоқда.
Қозоғистон пойтахтига 34 та давлатдан
800 нафарга яқин спортчи
ташриф буюрди. Халқаро мультиспорт
турнирини Давлат раҳбари Қосим-Жўмарт Тўқаев очиб берди. Маросимда
Тожикистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон Президентлари иштирок этди. Кенг кўламли
phygital мусобақалари замонавий технологиялар ва анъанавий спорт беллашувларини бирлаштиради. Президент
Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлаганидек,
"Келажак ўйинлари"нинг асосий вазифаси одамларни бирлаштириш ва янги
ютуқларга илҳомлантиришдан
иборат.
Қосим-Жўмарт Тўқаев,
Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Спорт қуввати, ақл-заковат қудрати ва рақамли давр салоҳиятини
ўзида мужассам этган "Келажак ўйинлари" тараққиётнинг умумий
бунёдкорлик кун тартибига жуда мос келади. Ушбу турнир бир қарашда мутлақо мос бўлмаган нарсаларни
бирлаштиради. Унинг асосида жисмоний ва виртуал дунёлар ўртасидаги мувозанат
ётади. Ишончим комилки, "Келажак ўйинлари" мамлакатларимиз бирлиги,
дўстлиги ва ҳамжиҳатлигининг яна бир "олтин кўприги"га айланади.
Қозоғистон Президенти бугун дунё чуқур ўзгаришларни бошдан кечираётганини яна бир бор эслатди. Янги технологиялар ҳаётнинг барча соҳаларини тубдан ўзгартирмоқда. Замон билан ҳамнафас бўлиш учун Қозоғистон рақамли давлат барпо этяпти. Мамлакатда мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор яратилган. Рақамлаштириш кодекси ва сунъий идрок тўғрисида қонун қабул қилинган. Қозоғистоннинг янги Конституцияси ҳам сунъий интеллект ечимлари жадал ривожланишига ҳисса қўшяпти. Ёшларни AI-Sana давлат дастури бўйича ўқитиш йўлга қўйилди. Кузда Астанада Сунъий интеллект университети очилади, нейротармоқлар ёрдамида яратилган фильмлар халқаро фестивали ўтказилади.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Жонажон пойтахтимизда ўз моҳиятига кўра бетакрор тадбир ўтказиляпти. У спорт ва ақлнинг уйғунлашуви, жисмоний куч ва интеллектуал салоҳият ўртасидаги мусобақа. Маълум бўлди-ки, уларнинг бири иккинчисига зид эмас экан, аксинча, бир-бирини тўлдиради. Бўлажак жангларнинг чуқур фалсафий маъноси ҳам ана шунда. Жаҳон ўйинлари инсониятнинг уйғун, тинч келажагини ифодалайди. Қозоғистон халқаро ҳамжамият билан биргаликда тинчлик, хавфсизлик, адолат ва тараққиёт томонини олади.
Эслатамиз, 800 нафардан зиёд спортчи классик ва рақамли спортни бирлаштирган футбол, баскетбол, яккакурашлар, отишма ва рақслар йўналишида беллашяпти. Машҳур Dota 2 ва Mobile Legends бўйича ҳам турнирлар ўтказилади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.

