Қозоғистонда иккинчи «Al Jazeera» медиаҳафталиги бошланди

Қозоғистонда иккинчи «Al Jazeera» медиаҳафталиги бошланди

Қозоғистонда «Al Jazeera» медиаҳафталиги бошланди. Халқаро лойиҳа иккинчи марта ташкил этилмоқда. Унинг доирасида журналистика йўналишида таҳсил олаётган талабалар ва соҳа мутахассисларига «Al Jazeera» медиаинститути мутахассислари дарс беради. Курс давомида тингловчилар маълумотлар журналистикаси, рақамли сторителлинг, тадқиқот журналистикаси, мобиль журналистика, фактчекинг асосларини пухта ўрганиб, тажриба алмашади. Юз соатлик ўқув дастурини тамомлаганларга сертификат топширилади. Эслатамиз, 2024 йилда Президент Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг Қатарга ташрифи чоғида икки давлат раҳбарлари қатор келишувларга эришган эди. Улардан бири «Al Jazeera» ва Президент телерадиомажмуаси ўртасидаги шартнома.


Еркежан Кунтуған, Қозоғистон Республикаси Президенти телерадиомажмуаси директори ўринбосари:


- Президент телерадиомажмуаси ҳар йили дунёнинг йирик медианашрлари ва оммавий ахборот воситалари билан шартнома тузади. Биз ходимларимиз билан чекланмасдан, бу келишувни «MNU» талабаларига ҳам қўллаш ниятида эдик. Аввалроқ «China Media group» ҳафталигини ўтказдик. Яъни дунёнинг энг яхши оммавий ахборот воситалари бир ҳафта давомида талабаларимиз ва оммавий ахборот воситалари журналистларига дарс беради.


Айгул Жамалова, Мақсут Нарикбаев номидаги халқаро журналистика мактаби декани:


- Ушбу тренингдан асосий мақсад талабаларга халқаро журналистиканинг моҳир мутахассислик даражасини кўрсатиш. Бу ерга назариётчилар эмас, «Al-Jazeera» халқаро медиатармоғида ишлайдиган малакали ходимлар келади. Улар талабаларга еттита йўналиш бўйича амалий сабоқ беради. Биринчи кун танишувга сарфланса, кейинги кунларда талабалар гуруҳ ёки якка тартибда ишлаб, ўз лойиҳаларини тақдим этади.


Абдумалик Сарманов таржимаси