Сув захиралари миллий ахборот тизимини яратиш ишини якунлаш. Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев Мактубда шундай топшириқ берди. Ягона платформа сув захираларини назорат қилишни таъминлаши ва масъул давлат органларига сув тақсимлашда асосли қарорлар қабул қилишда ёрдам бериши керак. Тегишли вазирлик маълум қилишича, тизим йил охиригача тўлиқ ишга туширилади. Ҳозирча вазирлик ҳамда сув хўжалиги ташкилотларининг кундалик ишида жорий этила бошлади. Мутахассислар таълим олади, архив маълумотлари электрон базага ўтказилади, уларнинг ишончлилиги текширилади. Барча янгиликлар ҳам шу ерга келади. Эслатамиз, тизим дарёлар, кўллар, ер ости сувлари, сув омборлари ва гидротехник инфратузилма ҳақидаги маълумотларни бир ерга жамлайди. Рақамли паспортлар билан бирга сунъий йўлдош тасвирлари орқали объектларнинг аҳволини баҳолаш, содир бўлаётган ўзгаришларни кузатиш мумкин.
Қанат Ахметов, «Сув захиралари ахборот-таҳлил маркази» Миллий акциядорлик жамияти Технологик интеграция ва ривожланиш департаменти директори:
- Бу мавжуд имкониятларни эҳтиёжлар билан таққослаш, хавф-хатарлар, танқисликларни олдиндан кўриш, сув тақсимоти бўйича янада асосли қарорлар қабул қилиш имконини беради. Ягона рақамли маълумотлар инфратузилмани текшириш, таъмирлаш ёки модернизация қилиш зарур бўлган участкаларни аниқлашда ёрдамлашади. Пировардида, бу сув захираларидан янада оқилона фойдаланиш, ҳисоб-китобнинг шаффофлигини ошириш ва сув хавфсизлигини мустаҳкамлашга хизмат қилиши керак.
Сув истеъмолини прогноз қилиш тизими танқисликнинг олдини олиш имконини беради. У Сув захиралари миллий ахборот тизими маълумотларидан фойдаланган ҳолда фермерларнинг буюртмаси, экин майдонлари ҳамда суғориш меъёрларини ҳисоблайди. Сўнгра сунъий идрок тегишли рақамларни захиралар билан таққослайди. Бу эса сув таъминоти жадвалларини ўз вақтида ўзгартиришга ёрдам беради.
Қанат Ахметов, «Сув захиралари ахборот-таҳлил маркази» Миллий акциядорлик жамияти Технологик интеграция ва ривожланиш департаменти директори:
- Тизим кенгайтирилади, сунъий интеллект жорий этилади. Биз ундан амалда фойдалана бошладик. Ҳозир базани тўлдириш, сунъий идрокни ўқитиш, маълумотларни таҳлил қилиш ҳамда тўплаш босқичи кетмоқда. Яъни, турли манбаларни улаймиз. Тегишли давлат органлари, «Қазгидромет» ва сенсорлар билан интеграция мавжуд, натижа тўғри бўлиши учун ҳаммаси таққосланади ва назорат қилинади. Интеграция қилиш, қўшни давлатлардан маълумот олиш имконияти бор.
Абдумалик Сарманов
таржимаси

