Қозоғистонда янги мис эритиш заводи қурилади. Мамлакатдаги энг йирик металлургия лойиҳаларидан бирига 750 миллиард тенгедан зиёд сармоя киритилади. Йилига 300 минг тонна катод миси чиқариш қувватига эга корхона 2030 йилда фаолиятини бошлайди. Унда олтин, кумуш ва сульфат кислота ҳам ишлаб чиқарилади. Лойиҳа Президент топшириқлари доирасида амалга оширилади. Саноат ва қурилиш вазирлигининг таъкидлашича, заводнинг ишга туширилиши Қозоғистонда мис ишлаб чиқаришни 1,5 марта - йилига 800 минг тоннагача ошириш, юқори қўшимча қийматга эга маҳсулот экспортини сезиларли даражада ошириш, мамлакатни жаҳон мис ишлаб чиқарувчилари орасида етакчи ўринларга олиб чиқиш имконини беради.
Азамат Панбаев, Қозоғистон Республикаси Саноат ва қурилиш вазирлиги Саноат қўмитаси раиси:
- Бугун ҳукумат вазирлик ва "Qazaq Smelter" корхонаси ўртасидаги инвестициявий шартномани маъқуллади. Лойиҳа металлургия соҳасидаги энг янги технологияларни жалб этиш, углерод изини камайтириш, атроф-муҳитга зарарли таъсирни камайтириш имконини берувчи илғор экологик ечимларни жорий этишни назарда тутади. У металлургия саноатидаги энг йирик лойиҳалардан бири бўлади.
Эслатамиз, Қозоғистонда биринчи ярим йиллик якунларига кўра, қайта ишлаш саноатида ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 10 фоизга ошган. Ўсиш асосан машинасозлик, озиқ-овқат ва кимё саноати, нефтни қайта ишлаш ва қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда кузатилмоқда.
Абдумалик Сарманов таржимаси.

