Қозоғистон банклари активлари 75 триллион тенгедан ошди

Қозоғистон банклари активлари 75 триллион тенгедан ошди

Қозоғистонда банк сектори ва капитал бозори имкониятларини кенгайтириш режалаштирилмоқда. Қосим-Жўмарт Тўқаев халққа Мактубида молия соҳасини ривожлантиришнинг асосий йўналишларини тақдим этди. Давлат раҳбари маҳаллий банклар активлари 75 триллион тенгедан ошгани, депозитлар ҳажми 52 триллион тенгега етганини таъкидлади. Шу тариқа, мамлакат молия тизими барқарорлигини намойиш этмоқда. Асосий вазифалардан бири - тўпланган захираларни иқтисодиётнинг реал секторига йўналтириш. Бунинг учун банклар, тараққиёт институтлари, халқаро молия ташкилотлари ҳамда Ягона омонат пенсия жамғармаси захираларини бирлаштирган ҳолда муҳим соҳаларни узоқ муддатли кредитлашнинг янги механизмларини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Хусусий компанияларнинг биржа воситаларидан фаол фойдаланишини рағбатлантириш зарур. Хорижлик экспертлар ҳам устувор йўналишларни баҳолади.

Гленн Агунг Ҳоле, Жануби-Шарқий Норвегия университети профессори

- Молиявий институтлар ўртасидаги яқин ҳамкорлик бутун тизим доирасида масъулиятни аниқ тақсимлаган ҳолда молиялаштиришдан фойдаланиш имкониятини яхшилайди. Ривожланиш институтлари миллий устувор йўналишларни қўллаб-қувватлаши мумкин, лекин уларнинг ваколатлари ва қабул қиладиган таваккаллари шаффоф кўриниш олиши зарур. Қозоғистон маблағларни қаерга йўналтириш кераклиги ҳақида мураккаб қарорлар қабул қила оладиган молиявий тизим яратиш имкониятига эга. У истиқболли инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаши ҳамда заиф йўналишлардан воз кечиши керак. Бундай интизом мавжуд капитални узоқ муддатли иқтисодиёт қийматига айлантириш имконини беради.

Абдумалик Сарманов таржимаси.