Қозоғистонда янги Конституция асосида мактаб дастурлари янгиланди

Қозоғистонда янги Конституция асосида мактаб дастурлари янгиланди

1 сентябрдан бошлаб Қозоғистонда ўқув дастурлари янгиланади. Таълим стандартлари янги Конституцияга мувофиқ шаклга келтирилди. Маориф вазири Жулдиз Сулеймонованинг Астанада бўлиб ўтган Ҳукумат йиғилишида маълум қилишича, 5-7-синф ўқувчилари учун "Конституция асослари" фани, 8-11-синфлар учун "Қонун ва тартиб" курси жорий этилади. Ўқувчиларга 5-синфдан 11-синфгача "Шахсий хавфсизлик" дарслари ўтилади, "Ҳуқуқ асослари" мажбурий фанлар қаторига киритилди. Яна бир муҳим ўзгариш - ўрта таълим тизимига сунъий интеллект жорий этилмоқда. Давлат раҳбарининг тегишли фармони доирасида бир қанча минтақаларда пилот лойиҳа ишга тушириляпти.


Жулдиз Сулейменова, Қозоғистон Республикаси маориф вазири:


- 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб Павлодар ва Қизилўрда вилоятларининг 10 та кичик мактабида шаҳар ва қишлоқ мактаблари ўртасидаги таълим сифати фарқини камайтиришга қаратилган сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда пилот лойиҳа ишга туширилади. Лойиҳа бу босқичда 500 та кичик мактабни қамраб олади. 2029 йилгача 2 минг 600 та кичик мактабларда босқичма-босқич жорий этилади.


Қозоғистонда талабанинг рақамли экотизими шакллантирилади

Сунъий интеллект Қозоғистон олий таълим тизимида ҳам фаол жорий этилмоқда. Талабанинг ягона рақамли экотизими шаклланади. Олий ўқув юртига киришдан диплом олишгача бўлган жараёнлар ўзаро бирлашади. ЯМТ электрон сертификати, AI-прокторинг ва AI-Талапкер хизмати мавжуд. Келгусида AI-Admission, AI-Onboarding, AI-Library, AI-психолог каби сунъий интеллект ечимлари ишга туширилиши режалаштирилган. Қозоғистонлик талабаларнинг ўзлари ҳам сунъий интеллект агентлари ишлаб чиқмоқда. AI- Sana дастури доирасида 440 тадан зиёд дастур мавжуд.

Абдумалик Сарманов таржимаси.