Қозоғистонда яна бир минтақавий IT HUB очилди

Қозоғистонда яна бир минтақавий IT HUB очилди

Ақтўбеда янги «IT HUB» очилди. Бу ерда юқори талабга эга рақамли касбларни ўзлаштириш мумкин. Марказ Ақтўбе олий политехника коллежи негизида ташкил этилди, бир неча йўналишларни ўз ичига олади. Ўқувчилар учун робототехника, 3D моделлаштириш, компьютер графикаси ва сунъий интеллект бўйича машғулотлар ташкил этилган. Ёш қозоғистонликлар бу ерда уч ўлчамли объектлар яратиш, иллюстрациялар ҳамда логотиплар ишлаб чиқишни ўрганади. Сунъий идрок дарсларида улар рақамли контент яратиш ва оддий чат-ботлар ишлаб чиқиш имкониятига ҳам эга бўлади. Талабалар шаҳарни тарк этмаган ҳолда билимларини амалиётда мустаҳкамлаши, келажакдаги касбий фаолиятга тайёргарлик кўриши мумкин.

Каусар Батирхан, коллеж талабаси:

– Бундай марказнинг очилиши ёшлар учун жуда муҳим. Унда янги билимлар олиш, замонавий технологияларни ўзлаштириш, кўникмаларни ривожлантириш имкони бор. Инглиз тилидаги манбалар билан ҳам ишлаш зарур. Она шаҳримизни тарк этмасдан ўқиш имкони берилгани учун Давлат раҳбаридан миннатдормиз.

Марказ қошида «Tomorrow School» очилди. Бу мактабда дастурлаш бўйича деярли билими бўлмаганлар ҳам IT-касбини ўзлаштириши мумкин. Ўқишга кириш учун онлайн тест синовлари ва тўрт ҳафталик саралаш интенсивидан ўтиш керак. Асосий курс 1,5-2 йилга мўлжалланган. Талабалар дастурлаш, сунъий интеллект ҳамда машина таълимини ўрганади. Уларни анъанавий маърузалар ўрнига мустақил ишлар, амалий топшириқлар билан ҳамкорликдаги дастурлар кутиб олади. Ўқиш давомида ҳар бири 50 тадан ортиқ лойиҳани рўёбга чиқаради. Астана тажрибаси бундай ёндашувнинг ижобий натижа беришини тасдиқлади. Эслатамиз, AQTOBE IT HUB нинг барча дастурлари бепул. Марказ вилоят бюджетидан молиялаштирилади. Бу хорижий экспертларни таклиф қилиш, маҳаллий ўқитувчилар малакасини ошириш, замонавий технологияларни ўзлаштириш имкониятларини кенгайтиришга йўл очади.

Булбул Кузембаева, Ақтўбе вилояти таълим бошқармаси бошлиғи:

– Марказ 300 ўринли. У мактаб ўқувчиларига ҳам, ёшларга ҳам хизмат қилади. Исталган вақтда ташриф буюриш мумкин. Бу ерга ўқишдан ёки ишдан кейин, шунингдек, дам олиш кунлари келишга ҳам бўлади. Билимларни ошириш, ўз лойиҳалари устида ишлаш имкониятлари яратилган. Марказ эшиклари доимо очиқ. Йўналишлар ҳар хил. Муҳандислик-техник ишланмалар ва ахборот технологиялари бўйича қизиқарли таклифлар келиб тушди.

Абдумалик Сарманов таржимаси