Қозоғистонда халқаро автоташувлар қоидалари ўзгартирилади

Қозоғистонда халқаро автоташувлар қоидалари ўзгартирилади

Қозоғистон транспорт-транзит салоҳиятини кенгайтириш ниятида. Қурултой халқаро йўлларда юк ташиш шартномаси тўғрисидаги конвенцияга қўшимча қилинган электрон юкхатга оид протоколни ратификация қилди. Бу мамлакатнинг халқаро юк ташиш соҳасида ҳужжат айланмасини рақамли форматга ўтказишга йўл очади. Эслатамиз, ҳозирча ҳужжатлар расмийлаштириш учун Конвенцияга мувофиқ қоғозга чиқарилади. Қабул қилинган қўшимча протокол мавжуд ахборот тизимлари орқали маълумотлардан электрон форматда фойдаланиш имконини беради. Тизим бизнес харажатлари ҳамда маъмурий тўсиқларни камайтириш, юк ташувчилар ва ваколатли органлар ўртасида тезкор ахборот алмашишни таъминлайди. Эслатамиз, Президент Мактубида халқаро транспорт йўналишларини электрон тизимга ўтказиш зарурлигини таъкидлаган эди.

Мақсат Қалиакпаров, Қозоғистон Республикаси Транспорт вазири ўринбосари:

- Қозоғистон Бож иттифоқи доирасида ушбу лойиҳани амалга оширишга киришди. Жорий йилнинг 15 октябрь куни «Қозоғистон-Россия» йўналиши бўйича электрон юк хатларидан фойдаланган ҳолда автомобилда юк ташиш бўйича пилот лойиҳа ишга туширилди. Бу транспорт соҳасида рақамли ҳамкорликни кенгайтириш учун асос бўлади. Электрон ҳужжатларни жорий этиш тажрибаси ижобий натижа берди.

Абдумалик Сарманов таржимаси.