Қозоғистонда чегара инфратузилмасининг ўтказув қуввати 2,6 марта ошди. Бу – сўнгги уч йилда ўтказув нуқталарини модернизациялаш натижаси. Юртимиздаги автомобиль ўтказув масканларининг салоҳияти йилига тахминан 2 миллиондан 5 миллионгача ортди. Шу билан бирга, юк машиналарини расмийлаштириш муддати 9 соатдан 30 дақиқага қисқарди. Бунда соҳада жорий этилаётган рақамли ечимлар таъсири катта бўлмоқда. Қолаверса, темирйўл соҳасида «Хитой — Қозоғистон — Марказий Осиё» йўналиши борасида транзит декларацияларини автоматик турда босиб чиқариш механизми ишга тушириляпти. Бу эса расмийлаштириш вақтини 3 соатдан 30 дақиқага камайтириши кутилмоқда. Юк ташувини янада жадаллаштириш учун «яшил йўлак» тамойили татбиқ этилаётир. Кейинги босқичда юк ҳужжатларини расмийлаштириш пайтида ҳамкор мамлакатларга доир экспорт ва транзит декларациялари маълумотларидан автоматик равишда фойдаланиш кўзда тутилган «тўсиқсиз транзит» лойиҳаси турибди.
Ғабит Ўразов, Қозоғистон Республикаси Давлат даромадлари қўмитаси Божхона назорати департаменти директори:
– KEDEN ахборот тизими ишга туширилган. Унинг доирасида олдиндан хабардор қилиш модули йўлга қўйилган бўлиб, ташқи иқтисодий иштирокчилар ёки ташувчилар учун ҳужжатларни ўтказув нуқталарига етиб келмай туриб, олдиндан тақдим этиш имконияти кўзда тутилган, автомашина билан ўтказув жойига келган пайтда тўсиқларсиз ўтишга замин ҳозирланган. Тизим амалда қўлланмоқда. Ўтказув масканидаги бошқа давлат органлари ходимлари ҳам шу ахборот тизимида, яъни «ягона дарча» тамойили асосида иш юритади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.

