Қозоғистонда янги инвестиция цикли шаклланмоқда. Ҳозир умумий қиймати 78,6 миллиард долларга тенг 215 та лойиҳа устида иш олиб бориляпти. Йил бошидан буён қарийб 4,4 триллион тенгелик 25 та инвестициявий шартнома имзоланди. Лойиҳалар энергетика, металлургия, фармацевтика, агросаноат мажмуаси, инфратузилма ва соғлиқни сақлаш соҳаларини қамраб олади. Шу билан бирга, асосий эътибор мамлакат ичида янги ишлаб чиқариш қувватлари яратиш, юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган. 4 та фармацевтика лойиҳасига 173 миллиард тенге йўналтириш режалаштирилган, улар 356 турдаги дори-дармонлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш имконини беради. Агросаноат мажмуасида инвесторлар буғдой, маккажўхори ва дуккакли экинларни чуқур қайта ишлашни ривожлантириш ниятида. Яна бир йирик йўналиш - рақамли инфратузилма. Экибастуз шаҳрида булутли хизматлар, ҳисоблар ва сунъий интеллект учун "Маълумотлар маркази водийси"ни яратиш режалаштирилган. Лойиҳа тахминан 30 миллиард долларга баҳоланмоқда. Мамлакатда инвестиция фаоллиги ортиб боряпти. 2019 йилдан 2025 йилгача асосий капиталга инвестиция киритиш деярли икки марта кўпайди ва 23,5 триллион тенгега етди. Қайта ишлаш саноатида бу кўрсаткич уч марта ошди. 3 триллион тенгега етди.
Абдумалик Сарманов таржимаси.

