Қозоғистонда 3,5 миллион нафар бола қўшимча таълим олаяпти

Қозоғистонда 3,5 миллион нафар бола қўшимча таълим олаяпти

Қозоғистонда қўшимча таълим олаётган болалар сони 3,5 миллион нафарга, улар улуши 90 фоизга етди. Аҳоли жон бошига молиялаштиришнинг ваучер механизми босқичма-босқич жорий этиляпти. Тизим ҳар бир бола бепул тўгараклар ва секциялардан фойдаланишда тенг имкониятларга эга бўлиши учун мўлжалланган. Астанадаги мактабдан ташқари ташкилотларда машғулотлар сифати ва қулайлигини ошириш масаласи соҳа мутахассислари томонидан муҳокама қилинди. Рақамли трансформация ёрдамида қўшимча таълим мазмуни ва усулларини янгилаш диққат марказида турибди. Сунъий идрок технологиялари ва келажакда талаб қилинадиган кўникмаларга алоҳида эътибор қаратилган.

Станислав Котов, Қўшимча таълим ва болалар фаровонлиги илмий-тадқиқот лабораторияси раҳбари:

- Бизда жуда кўп турли 3D ечимлар, рақамлаштирилган ечимлар, робототехника ва бошқалар бор. Қўшимча таълим хилма-хил эканлигини тушунишимиз, болалар янада кўпроқ кўникмаларга эга бўлиши учун рақамлаштиришни ҳар бир соҳага жорий этишимиз керак. Чунки биз 5-10 йилдан кейин янги кўникмалар, янги шароитларда ишлайдиган болаларни ўқитаётганимизни тушунишимиз лозим. Шуларни ҳисобга олган ҳолда болаларга амалда зарур бўладиган кўникмалар беришимиз шарт.

Абдумалик Сарманов таржимаси.