Қозоғистон йўл инфратузилмасини ривожлантиряпти

Қозоғистон йўл инфратузилмасини ривожлантиряпти

Қозоғистонда йўл инфратузилмасини янгилаш ишлари давом этмоқда. Жорий йилда республика йўлларининг 11 минг километрида турли ишлар амалга оширилди. Йирик транспорт йўлакларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мамлакатда узунлиги бир ярим минг километрга яқин бўлган 65 та айланма йўл қуриляпти. Янги участкалар транзит оқимини шаҳару қишлоқлардан четга йўналтириш ва йўл тармоғига тушаётган юкламани камайтириш имконини беради. Йил давомида транспорт ҳаракати 30 фоизга ошганига қарамай, юртимизда йўл-транспорт ҳодисалари сони камайди. Аҳоли манзиллари, шу билан бирга, катта йўлларда ҳам ижобий динамика қайд этилмоқда.

Ўлжас Бектенов, Қозоғистон Республикаси Бош вазири:

- Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ушбу ижобий статистика олиб борилаётган профилактика ишлари билан боғлиқ. Йўл ҳаракати хавфсизлигини кучайтиришга қаратилган бир қатор қонунчилик меъёрлари қабул қилинди. Қоидабузарликлар учун жиноий ва маъмурий жавобгарлик кучайтирилди.  Самокат ва скутерлардан фойдаланиш, ҳайдовчиларни тайёрлаш, шунингдек, яширин патруллик масалалари тартибга солинди. Интеллектуал тизимлар жорий этилмоқда. Ҳозирда 30 мингдан зиёд камера мамлакат йўлларидаги вазиятни назорат қилмоқда.

Ҳукумат йўлларда хавфсизликни таъминлаш бўйича ишларни давом эттиради. Ўртача тезликни назорат қилиш, рақамли мониторинг ва трассаларни замонавий хавфсизлик воситалари билан жиҳозлаш режалаштириляпти. Шу тариқа, юртимиздаги йўлларда тобора кўпроқ электрон ахборот табло ва белгилари ўрнатилади.

Дархан Иманашев, «Қазавтожўл» миллий компанияси» АЖ бошқаруви раиси:

- Қоронғи вақтда хавфсизликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади. Ҳайдовчилар эътиборини йўлдаги вазиятга қаратиш мақсадида қатор участкаларда лазер ускуналари қўллана бошланди. Ҳозир 22 та пулли участкада 56 та шундай қурилма ўрнатилган. Тўсиқларда ёруғлик қайтарувчи элементлар, айрим участкаларда қаршидан келаётган автомобиль чироқлари таъсирини камайтирадиган махсус экранлар қўйилади.

Абдумалик Сарманов таржимаси