Астана ва Душанбе ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб олди. Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Эмомали Раҳмон Қўшма баёнот қабул қилди. Қозоғистон билан Тожикистон президентларининг музокаралари якунида 14 та битим ва меморандум имзоланди. Эслатамиз, Эмомали Раҳмон Астанага расмий ташриф билан келган эди. Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистон ҳамда Тожикистон ўртасида ҳал этилмайдиган масала йўқлигини таъкидлади. Барча йўналишларда икки томонлама ҳамкорликнинг ижобий динамикаси кузатилмоқда. Хусусан, инвестициявий алоқалар кенгайиб, савдо-иқтисодий алоқалар мустаҳкамланмоқда. Мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 1 миллиард доллардан ошди, шу билан бирга жорий йилнинг 8 ойида у деярли учдан бирга кўпайди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
– Товарлар номенклатураси кенгаймоқда, турли маҳсулотларни етказиб бериш ҳажми ошяпти. Темир йўл транспортида экспорт-импорт юк ташиш ҳажми кўпайди. Бизнес даражасидаги алоқалар фаоллашди. Бизнес-форумлар, махсус савдо миссиялари якунлари бўйича эришилган тижорат келишувлари изчил амалга оширилмоқда. Йиллик савдо айланмамиз барқарор равишда 1 миллиард доллардан ошяпти, бунинг натижасида Қозоғистон Тожикистоннинг энг йирик савдо ҳамкорлари учлигидаги ўрнини барқарор сақлаб қолмоқда.
Эмомали Раҳмон, Тожикистон Республикаси Президенти:
- Стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янги амалий натижалар билан бойитиш - умумий вазифамиз. Олий даражада эришилган келишувларнинг изчил ижросини таъминлаш муҳим. Ишончим комилки, бугунги музокаралар ўзаро ҳамкорлигимизни янада ривожлантириш бўйича аниқ қадамларни белгилаш имконини беради.
Томонлар 2030 йилгача товар айирбошлаш ҳажмини ошириш бўйича "Йўл харитаси"ни қабул қилди. Қозоғистон Президентининг сўзларига кўра, аграр соҳада катта имкониятлар мавжуд. Ўтган йили мамлакатлар ўртасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб бериш ҳажми қарийб 600 миллион долларни ташкил этди - бу бутун икки томонлама савдонинг ярми. Томонлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бўйича тўлақонли ишлаб чиқариш занжирларини яратиш ниятида. Қосим-Жўмарт Тўқаев энергетика, нефть-газ, кон-металлургия, қайта ишлаш, транзит ва транспорт соҳаларида ҳамкорлик катта истиқболларни очишини таъкидлади.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Ўтган йили мамлакатларимиз ўртасида автомобиль ва темир йўл ташувлари ҳажми тегишлича 8 ҳамда 15 фоизга ошиб, қарийб 7 миллион тоннани ташкил этди. Икки мамлакат юк ташувчилари учун яратилган шароитлар жорий йилда ҳам ижобий динамикани сақлаб қолиш имконини берди. Юкларнинг узлуксиз ҳаракатини таъминлашда транспортни рақамлаштиришга эътибор қаратишга келишиб олинди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев томонлар сув ва IT соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришини таъкидлади. Астана Душанбега барча йўналишлар бўйича 2030 йилгача бўлган ҳамкорликнинг мажмуавий режасини ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилишни таклиф этди. Давлат раҳбари таъкидлаганидек, мамлакатимиз 2028-2029 йилларга БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий бўлган аъзолигига Тожикистон номзодини қўллаб-қувватлайди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев Президент Эмомали Раҳмоннинг икки давлат ўртасидаги кўп қиррали алоқаларни чуқурлаштиришдаги ўрнини таъкидлади, уни Марказий Осиёнинг буюк олим-файласуфи шарафига таъсис этилган «Qoja Ahmet Yasaui» ордени билан мукофотлади.
Шунингдек, ташриф доирасида икки давлат раҳбарлари иштирокида Астанада Тожикистоннинг Қозоғистондаги элчихонасининг янги биноси очилиши маросими бўлиб ўтди.
Абдумалик Сарманов таржимаси

