Корея Республикаси Президенти қароргоҳида давлат ташрифи билан Сеулга борган Қосим-Жўмарт Тўқаевни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Икки мамлакат етакчилари делегациялар аъзоларини бир-бирига таништирди. Давлат раҳбари Фахрий меҳмонлар китобига дастхат ёзиб қолдирди.
Сўнг Президентлар тор ва кенгайтирилган таркибда музокара ўтказди. Қосим-Жўмарт Тўқаев Ли Чже Мёнга таклиф учун самимий миннатдорлик билдирди, Корея Республикаси Қозоғистоннинг стратегик шериги эканини таъкидлади. Халқларимизни азалий дўстлик ва ўзаро англашув ришталари боғлаб турибди. Мамлакатлар ўртасида зиддият йўқ. Давлат раҳбарлари Қозоғистон-Корея муносабатларини ҳар томонлама стратегик шериклик даражасига кўтариш ҳақида келишиб олди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
– Ўтган йили биринчи марта телефон орқали мулоқот қилиб, ўзаро ишонч ва дўстликка асосланган стратегик ҳамкорликни ривожлантиришда давом этиш зарурлигини келишиб олган эдик. Бугун эса ўзаро алоқаларни кенг қамровли стратегик шериклик даражасига олиб чиқиш ҳақида келишувга эришдик.
Корея Қозоғистон иқтисодиётига 12 миллиард доллардан зиёд сармоя киритган. Бизнес Қозоғистон лойиҳаларига маблағ йўналтиришга тайёр. Биргина Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг давлат ташрифи давомида 19 миллиард доллар қийматга эга шартномалар имзоланди. Қозоғистонда инвесторлар учун қулай амалий шароит яратилмоқда, деди давлатимиз раҳбари. Бундан ташқари, Қосим-Жўмарт Тўқаев Астана ва Сеулнинг халқаро майдондаги ўзаро ҳамкорлигини юқори баҳолади, мамлакатлар глобал барқарор тараққиёт ва хавфсизликни таъминлаш масалаларида бир хил мавқе эгаллаган. Президент маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришдаги муштарак нуқталарни қайд этди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Ўтган йили Қозоғистонга 51 минг нафарга яқин Корея фуқароси ташриф буюрган. Бунга икки давлат ўртасида бевосита ҳаво қатнови жадал ривожланаётгани катта ҳисса қўшмоқда. Бизда йирик Алатау шаҳрини қуриш қўшма лойиҳаси иш бошлади. Алатауда Кореянинг «KAIST» институти филиалини очиш ҳақида келишув имзолаяпмиз. Ишончим комилки, бу қадам таълим ва илм-фан соҳасидаги ҳамкорлигимизни чуқурлаштиришга хизмат қилади.
Ўз навбатида, Корея Республикаси Президенти ҳамкорликни чуқурлаштиришга тайёрлигини тасдиқлади, икки мамлакат ташқи сиёсатининг устувор йўналишлари яқинлигини таъкидлаб ўтди.
Ли Чже Мён, Корея Республикаси Президенти
- Қозоғистон иқтисодий хавфсизлик соҳасидаги муҳим ҳамкоримиз. Мамлакат энергетика ва табиий захираларга бой, айни вақтда, истиқболли юқори технологик йўналишларда ҳам катта салоҳиятга эга. Биз Қозоғистон иқтисодиётини илғор саноат ва рақамли технологиялар орқали модернизация қилишга тайёрмиз. Халқаро вазиятни олдиндан айтиш имконсиз бўлган шароитда мамлакатларимиз бир-бирининг кучли томонлари ва салоҳиятини бирлаштирган ҳолда, ҳамкорликни мустаҳкамлаши, ўзаро манфаатли асосда биргаликда ўсиш учун янги имкониятларни юзага келтириши даркор.
Музокаралар якунида давлат раҳбарлари ҳузурида расмий делегация аъзолари 12 та ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар алмашди. Улар нефть, фан ва технологиялар, атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш, интеллектуал мулк, аэромобиллик, маданият соҳаларида ҳамкорлик қилишга қаратилган.
Абдумалик Сарманов таржимаси.

