Қозоғистон ва Қирғизистон ўртасида товар айирбошлаш ҳажми жорий йилнинг 8 ойида 1 миллиард 750 миллион долларга етди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 20 фоизга кўп. Давлатлар саноат кооперациясини мустаҳкамлаш ва экспортни кенгайтиришга эътибор қаратмоқда. Савдо вазирлиги берган маълумотга кўра, бугунги кунда Қозоғистон экспортининг қўшимча салоҳияти 330 миллион доллардан зиёд. Бишкекда бўлиб ўтган Ҳукуматлараро кенгаш йиғилиши, Қозоғистон билан Қирғизистон Бош вазирлари иштирокидаги иккинчи минтақалараро ҳамкорлик форумида истиқболли режалар муҳокама қилинди.
Арман Шаққалиев, Қозоғистон Республикаси Савдо ва интеграция вазири:
- Умумий мақсад - 2030 йилга бориб ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 3 миллиард АҚШ долларига етказиш. Унга эришиш учун савдони кенгайтириш, шунингдек, энг муҳими, саноат кооперациясини ривожлантиришни назарда тутувчи тегишли "йўл харитаси" тайёрланди. Бу Қозоғистон ва Қирғизистон ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатлар ижобий динамикасини сақлаб қолиш ҳамда кенгайтириш, янги лойиҳаларни рағбатлантириш, икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш имконини беради.
Ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан бири — чегара инфратузилмасини ривожлантириш. Қозоғистон-Қирғизистон чегарасида 8 та назорат-ўтказиш пунктидан 7 таси Жамбил вилоятида жойлашган. Минтақада қирғизистонликлар иштирокидаги мингдан ортиқ корхона фаолият юритади. Транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантириш, икки томонлама алоқаларни кенгайтириш учун шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилган. Энг муҳим лойиҳалардан бири — Қирғизистон чегараси яқинидаги Қўрдай туманида.
Ербўл Карашўкеев, Жамбил вилояти ҳокими:
- Саноат-логистика мажмуасини қуриш учун Қўрдай туманидан 165 гектар ер майдони ажратдик. Ҳозир объектни электр энергияси билан таъминловчи подстанция қурилиши бошланган. Ушбу мақсадлар учун 4,2 миллиард тенге ажратилди. Қурилиш жадал суръатларда олиб борилмоқда. Иккинчи йўналиш – икки мамлакатнинг агросаноат мажмуасидаги ҳамкорлиги. Учинчи йўналиш жуда катта салоҳиятга эга. Бу - оддий савдодан саноат кооперациясига ўтиш. Биз қирғизистонлик ҳамкорларни бу йўналишни ривожлантиришга таклиф қиламиз.
Абдумалик Сарманов таржимаси.

