Иордания қироли Абдулла II бин ал-Ҳусайн Астанага расмий ташриф билан келди. Аэропортда олий мартабали меҳмонни Давлат раҳбари Қосим-Жўмарт Тўқаев кутиб олди.
Ақўрдада расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Олий мартабали меҳмон шарафига қароргоҳ олдидан Қозоғистон ва Иордания байроқлари ўрнатилган вертолётлар сафи учиб ўтди. Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Абдулла II делегациялар аъзоларини бир-бирига таништирди, Фахрий қоровул ротаси бошлиғи рапорт берди.
Шундан сўнг Қозоғистон Президенти ҳамда Иордания Қироли музокаралар ўтказди. Суҳбатдошлар икки томонлама муносабатларнинг асосий драйверларидан бири бўлган иқтисодий ҳамкорликни муҳокама қилди. Жорий йилнинг 8 ойида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 3,5 миллион долларга етди ва ўтган йилги кўрсаткичдан ошди. Шунингдек, маданий-гуманитар ҳамкорликни, академик ва илмий алоқаларни ривожлантириш ҳамда ўзаро сайёҳлар оқимини кенгайтириш учун салмоқли салоҳият мавжуд. Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистон томонларни қизиқтирган барча соҳаларда эришилган келишувларни амалга оширишга катта аҳамият беришини таъкидлади.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Иордания – араб дунёсидаги вақт синовидан ўтган ва ишончли ҳамкоримиз. Кейинги йилларда алоқалар янги босқичга кўтарилади. Биз ўртамизда шаклланган ва турли даражаларда қўллаб-қувватланаётган мустаҳкам сиёсий мулоқотни юксак қадрлаймиз. Ўтган йил икки томонлама муносабатларда алоҳида давр бўлди, олий даражадаги ўзаро ташрифлар амалга оширилди. Музокаралар якунида қабул қилинган Қўшма баёнот, шунингдек, вазирлик ҳамда идораларимиз, ишбилармон доираларимиз вакиллари томонидан имзоланган ҳужжатлар кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев халқаро ва минтақавий долзарб масалаларда мамлакатларимизнинг ёндашувлари ўхшашлигига алоҳида тўхталди, Иордания Қиролининг дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш билан бирга халқмизни яқинлаштиришга қўшган ҳиссасини юқори баҳолади.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Сиз ўн йил аввал бошлаган Ақаба жараёнини Қозоғистон қадрлайди. Марказий Осиёда бундай форматдаги биринчи учрашувга ҳам муаллифлик қилиш биз учун катта шараф. Сессия мавзуси: сунъий интеллект соҳасидаги хавфсизлик бугунги кунда жуда долзарб. Ишончим комилки, саммит Марказий Осиё минтақасига оид қарашларни тақдим этиш имконини беради, тинчлик ва хавфсизликни сақлаш борасидаги саъй-ҳаракатларимизга янги суръат бағишлайди.
Қирол Абдулла II Қозоғистон ва Иорданияни кўп йиллик муносабатлар, ўзаро ҳурмат, тинчлик ҳамда барқарорликни мустаҳкамлашга интилиш боғлаб туришини таъкидлади. У Қосим-Жўмарт Тўқаевга Ақаба жараёни доирасидаги учрашувларнинг янги раундини биргаликда ташкил этгани учун самимий миннатдорчилик билдирди. Унинг фикрича, бу икки давлатнинг минтақавий ва глобал хавфсизлик муаммоларини ҳал қилишга бўлган умумий интилишидан далолат беради.
Абдулла II бин ал-Ҳусайн, Иордания Қироли:
- Айтганингиздек, ўтган йили бўлиб ўтган ўзаро ташрифлар икки томонлама муносабатлар ривожига туртки берди. Эришилган келишувларни рўёбга чиқариш, савдо, инвестиция, туризм, технология ва мудофаа каби муҳим йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш ниятидамиз.
Давлат раҳбари Қирол Абдулла II ни Қозоғистон билан Иордания ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун ал-Форобий ордени билан тақдирлади. Монарх ушбу мукофотнинг биринчи соҳиби бўлди. Қирол Абдулла II Президент Қосим-Жўмарт Тўқаевга Иорданиянинг олий давлат мукофоти - al-Hussain ibn Ali орденини топширди.
Абдумалик Сарманов таржимаси.

