Қозоғистон ва Бельгия ҳамкорликни мустаҳкамламоқчи

Қозоғистон ва Бельгия ҳамкорликни мустаҳкамламоқчи

Қозоғистон ва Бельгия ўзаро ҳамкорликни фаоллаштириш ҳақида келишиб олди. Асосий йўналишлар орасида транспорт-логистика, ўта муҳим минераллар, энергетика, саноат, қишлоқ хўжалиги, био- ва космик технологиялар, рақамлаштириш соҳалари бор. Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев ва қирол Филипп оммавий ахборот воситалари вакиллари учун қўшма брифинг ўтказиб, музокаралар натижалари билан ўртоқлашди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Иқтисодий ҳамкорлик икки томонлама муносабатларимизнинг асосий устунларидан бири. Бельгия Қозоғистоннинг етакчи сармоявий ҳамкорларидан. 2005 йилдан буён Бельгиянинг иқтисодиётимизга киритган сармояси 15 миллиард доллардан ошди. Ушбу тарихий ташрифда Бельгиянинг етакчи компаниялари вакиллари иштирок этаётганини олқишлайман. Бу Бельгиянинг Қозоғистон иқтисодий салоҳиятига бўлган ишончини яққол кўрсатади. Ҳукуматимиз Бельгия инвесторларининг Қозоғистондаги фаолиятини кенгайтириш ҳамда янги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай шароитлар яратишда давом этади. Уларнинг тўлиқ ва ўз вақтида амалга оширилиши назоратимда бўлади.

Томонлар маданий-гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлаш ниятида. Қўшма таълим дастурлари ва академик алмашинувларни ривожлантириш, икки мамлакат анъаналари ҳамда бадиий мероси билан танишиш учун кўргазмалар ўтказиш қизиқиш уйғотади. Музокаралар чоғида томонлар долзарб халқаро масалалар юзасидан ҳам фикр алмашди, Қозоғистон ва Бельгия халқаро ҳуқуқ меъёрларига содиқлигини таъкидлади. Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг Брюсселга ташрифи чоғида имзоланган битимларда мустаҳкамланган Қозоғистон билан Европа Иттифоқи ўртасидаги стратегик шериклик муҳимлигини тасдиқлади. Ўз навбатида, Бельгия қироли Филипп Қозоғистон Президентига самимий қабул учун миннатдорчилик билдирди, сўнгги ўттиз йил ичида мамлакатларимиз ўртасида мустаҳкам алоқалар ўрнатилганини таъкидлади. Монарх мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузи ортиб бораётганини, иқтисодиётнинг барча тармоқларида жадал ўсиш кузатилаётганини алоҳида айтиб ўтди.

Филипп, бельгияликлар қироли:

- Қозоғистоннинг жаҳон майдонида ўз мавқеини мустаҳкамлашда давом этаётгани ҳайратланарли. Қозоғистон халқи мамлакатнинг янги амбицияларини акс эттирувчи конституциявий ислоҳотни қўллаб-қувватлади. Барча мезонлар бўйича Қозоғистонда бугунги кунда кўп асрлик асосларга таянган ва анъаналарни эъзозлайдиган замонавий жамият шаклланган. Юқори маълумотли аҳоли, кўп сонли ўрта синф ҳамда замонавий инфратузилма туфайли мамлакат чорловларга жавоб бера олади. Рақамлаштиришнинг олдинги сафларида турибди.

Абдумалик Сарманов таржимаси.