Қозоғистон темирйўл инфратузилмасини ривожлантиради

Қозоғистон темирйўл инфратузилмасини ривожлантиради

Қозоғистон транзит салоҳиятини мустаҳкамлашда давом этмоқда. Сўнгги беш йил ичида мамлакатда 5 минг километрга яқин темир йўл қурилди ва модернизация қилинди. Бу аввалги ўттиз йилдагидан икки марта кўп. Транзит юк ташиш ҳажми 33 миллион тоннага етди, даромад 3 триллион тенгедан ошди. Ҳозирда «Дарбаза - Мақтаарал», «Мўйинти - Қизилжар», «Аягўз - Бахти»нинг янги линиялари қуриляпти, мавжуд тармоқда модернизация ишлари давом этмоқда. Келгуси уч йил ичида яна 2 минг километрдан зиёд темир йўл ётқизиш режалаштирилган. Давлат раҳбарининг топшириғига биноан, темир йўл вокзалларини реконструкция қилиш бўйича кенг кўламли дастур амалга ошириляпти. 100 та объектда қурилиш-монтаж ишлари якунланди. Бешта янгиланган вокзал очилди. Улар қаторида Абай вилоятидаги Шар, Ушбиик, Жарма ва Жаланашкол станциялари, Ақтўбе вилоятининг Эмба шаҳридаги вокзал бор. Бинолар, муҳандислик инфратузилмаси янгиланди, майдон кенгайтирилди, янги платформа ва перронлар қурилди.

Мақсат Калиакпаров, ҚР Транспорт вазири ўринбосари:

- Янги линиялар қуриляпти, локомотив ва вагон парки янгиланмоқда. 124 та темир йўл вокзали реконструкция қилиняпти. Вокзалларни модернизация қилиш доирасида уларнинг меъморий қиёфаси, муҳандислик тизимлари ва ускуналари янгиланмоқда. Йўловчилар учун қулай ва хавфсиз шароитлар яратиш учун замонавий хавфсизлик воситалари ва тўсиқсиз муҳит элементлари жорий этиляпти.

Абдумалик Сарманов таржимаси.