Қозоғистонда археология ёдгорликларининг ягона электрон базаси яратилди. Лазерли сканерлаш, рақамли моделлаштириш ва бошқа замонавий технологиялар олимларга қадимий объектларни аниқ ўрганиш, улар ҳолати ҳақидаги маълумотларни рақамли форматда сақлаш имконини беради. Мутахассислар тош давридан XIX-XX асргача бўлган даврга оид артефактларни тадқиқ қилмоқда. Астанада ўтказилган II Халқаро симпозиум Алкей Марғулан номли Археология институтининг 35 йиллигига бағишланди. Илмий анжуманга АҚШ, Марказий Осиё, МДҲ ва Европа мамлакатларидан 150 нафардан зиёд тадқиқотчи ташриф буюрди. Иштирокчилар эътибори археологияни ривожлантириш ва халқаро илмий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилди.
Асемгул Қасенова, А. Марғулан номли Археология институти бош директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари:
- АҚШ, Россия, Ўзбекистон, шунингдек, Озарбайжондан турли тарихий даврларга ихтисослашган тадқиқотчиларни таклиф қилдик. Улар билан ҳамкорликда ишлаяпмиз. Бу эса мамлакатимиз, бутун Евроосиё ҳудудининг тарихий солномасини ўз ичига олган хронологияни тўлиқ кузатиш имконини яратади. Биз тош даври бўйича тадқиқотларни жаҳон даражасида олиб бормоқдамиз.
Абдумалик Сарманов таржимаси.

