Қозоғистон савдо соҳасида рақамли инфратузилмаларни ишга туширади

Қозоғистон савдо соҳасида рақамли инфратузилмаларни ишга туширади

Қозоғистон савдо соҳасида рақамли инфратузилма шакллантирмоқда. Асосий эътибор мамлакатда ишлаб чиқарилган барча товарларни ягона тизимда бирлаштирадиган «Рақамли савдо кўзгуси» майдончасига қаратилган. Товарлар ҳаракати, нархлар шаффофлиги ва дўкон пештахталарида олинадиган улуш назоратга олинади. Савдо вазирлиги берган маълумотга кўра, етакчи савдо тармоқлари билан музокара ўтказиляпти, маҳаллий брендлар улар пештахталаридан жой олишга тайёрланмоқда. Йил охиригача ишга тушадиган «QazTrade Retail» майдончаси Қозоғистон компанияларининг савдо инфратузилмасига киришини осонлаштиради. Экспортни қўллаб-қувватлашни кучайтириш ва географиясини кенгайтириш устувор вазифа ҳисобланади. Ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг 44 фоизи ташқи бозорларга чиқарилади. Асосан Eвроосиё Иқтисодий иттифоқи, Марказий Осиё, Яқин Шарқ, Европа давлатлари ва Хитойга етказиб берилади.

Арман Шаққалиев, Қозоғистон Республикаси савдо ва интеграция вазири:

- Биринчи ярим йилликда ички савдо айланмаси ҳажми 36,2 триллион тенгега етди. Ўсиш 15,3 фоиз. Унда озиқ-овқат сегменти ҳиссаси катта, ўсиш ҳажми салкам 30 фоиз. Агросаноат мажмуасидаги ишлаб чиқарувчиларнинг ташқи бозорлардаги мавқеи мустаҳкамланди. Январь-май ойларида озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти 34,4 фоизга ошди ва 1,6 миллиард долларга етди. Ички бозорнинг ўта муҳим маҳсулотлар импортига қарамлиги пасайди, 14,7 фоизни ташкил қилди.

Ўлжас Бектенов, Қозоғистон Республикаси Бош вазири:

- Умуман олганда Қозоғистон ўз ички бозорини асосий озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлайди. Биринчи ярим йилликда ишлаб чиқариш 10 фоизга ошди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ҳам барқарор ўсиб боряпти.

Абдумалик Сарманов таржимаси