Бугун Қозоғистон раҳбарининг Президент Ли Чже Мён таклифига биноан Корея Республикасига давлат ташрифи бошланди. Сеул аэропортида Қосим-Жўмарт Тўқаевни Бош вазир ўринбосари - Фан ва ахборот-коммуникация технологиялари вазири Пэ Гён Хун кутиб олди. Чоршанба куни давлатимиз раҳбари иштирокида Сеул шаҳрида «Марказий Осиё-Корея Республикаси» биринчи саммити бўлиб ўтади. Ташриф дастуридан олий даражадаги музокаралар ва Кореянинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашувлар ҳам ўрин олган. Бугун Қосим-Жўмарт Тўқаев Корея Республикаси давлат ва жамоат арбобларини II даражали «Дўстиқ» ордени билан тақдирлади. Жумладан, мамлакатлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун Миллий Ассамблея депутатлари, Сеул кибер университети президенти, Хангук чет тиллари университети профессори, Марказий Осиё тадқиқотлари институти директори ва кўп тармоқли клиника раҳбари мукофотга сазовор бўлди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
– Қозоқ халқи ва ҳокимият вакиллари қардош Кореяга самимий ҳурмат билан қарайди. Корея Республикаси Қозоғистоннинг стратегик ҳамкорларидан. Биз Кореяни халқаро майдонда юксак нуфузга эга давлат, деб биламиз. Кўп қиррали ҳамкорлигимиз йил сайин мустаҳкамланиб бормоқда. Бундан беш йил аввал Кенгайтирилган стратегик шериклик тўғрисидаги декларация қабул қилинган эди.
Бугунги кунда мамлакатлар ўртасида яқин сиёсий мулоқот йўлга қўйилган, савдо-иқтисодий алоқалар жадал ривожланмоқда. Қозоғистон ва Корея Республикаси машинасозлик, энергетика, металлургия, технологиялар соҳаларида йирик лойиҳаларни амалга оширяпти. Ўз салоҳиятини намоён этаётган маданий-гуманитар алоқалар давом этаётир. Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистондаги корейс жамоасининг ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашдаги ролини алоҳида таъкидлади. Дўстлик эса, давлатимиз раҳбарининг таъбири билан айтганда, ҳар икки халқ манфаатларига жавоб беради.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
– Ҳозирги кунда Қозоғистонда корейс халқининг юз минг нафардан зиёд вакили яшайди. Улар иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий тараққиётда муҳим ўрин тутади. Барча этник гуруҳлар учун қулай шароитлар яратилган. «Корё-сарам» жамоаси қозоқ заминида тинч-тотув яшаб, бирлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшмоқда. Қозоғистонда корейс маданият марказлари фаолият юритмоқда. Алматидаги академик корейс театри томошабинлар эътирофи ва муҳаббатига сазовор бўлмоқда. Корейс тилида газета нашр этилади ва махсус радиоэшиттириш бор.

