Қосим-Жўмарт Тўқаев Каспийни сақлаб қолиш учун мамлакатларни кучларни бирлаштиришга чақирди

Қосим-Жўмарт Тўқаев Каспийни сақлаб қолиш учун мамлакатларни кучларни бирлаштиришга чақирди

Ноёб табиий хазина, миллионлаб одамларнинг фаровонлик манбаи, Евроосиёнинг асосий транспорт ва энергетика тугуни. Каспий денгизи бу сифатларнинг ҳаммасига тўғри келади. Денгиз экотизимини сақлаб қолиш, Каспийбўйи давлатларидан алоҳида эътибор талаб қилади. Туркманистоннинг Аваз шаҳрида бўлиб ўтган Каспий экологик саммитида сув ҳавзасининг саёзлашиши, ифлосланиши ҳамда антропоген босимнинг ортиши хатарлари ҳақида сўз юритилди. Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳамкорликнинг асосий йўналишларини санаб ўтди. У экологик таҳдидларни бартараф этиш учун ўзаро келишилган илмий ёндашув зарурлигини таъкидлади. Президент тегишли сценарийлар ишлаб чиқиш учун Қозоғистон Каспий денгизи илмий-тадқиқот институти салоҳиятидан фойдаланишни таклиф қилди. Бундан ташқари, захираларнинг аҳволи, соҳил чизиғининг ўзгариши, биохилма-хиллик билан бирга бошқа параметрлар тўғрисидаги маълумотларни кузатиш ва таҳлил қилиш учун умумий рақамли платформа яратиш мақбул натижа беради. Қосим-Жўмарт Тўқаев халқаро саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга, қайта тикланган ҳудудлар бўйича истиқболли лойиҳалар жамғармасини шакллантиришга чақирди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Бизга қарорлар изчиллигини таъминлайдиган, фаолиятни мувофиқлаштирадиган ва олий даражада эришилган барча келишувлар ижросини назорат қиладиган механизм керак. Қозоғистон БМТ шафелигида Халқаро сув ташкилотини ташкил этиш бўйича фаолиятини давом эттиради. Бизнинг умумий вазифамиз сув захираларини глобал бошқариш самарадорлигини ошириш ҳамда шу билан бирга Каспийнинг экологик ҳолатига устувор аҳамият беришдан иборат. Сув хавфсизлиги халқаро кун тартибида озиқ-овқат, энергетика, иқлим хавфсизлиги масалалари билан бир қаторда муносиб ўрин эгаллаши лозим.

Абдумалик Сарманов таржимаси