Қозоғистон Президенти Сингапур Катта вазирини қабул қилди

Қозоғистон Президенти Сингапур Катта вазирини қабул қилди

Ақўрдада Қозоғистон Президентининг Сингапур Катта вазири билан учрашуви бўлиб ўтди. Қосим-Жўмарт Тўқаев Ли Сянь Луннинг Қозоғистонга биринчи ташрифи мамлакатимиз учун тарихий аҳамиятга эгалигини таъкидлади. Бугунги кунда икки томонлама муносабатлар жадал ривожланмоқда, мунтазам сиёсий мулоқот йўлга қўйилган, товар айирбошлашнинг ўсиши ва Сингапур капиталининг мамлакатга кириб келиши тезлашди. Давлат раҳбари таъкидлашича, Қозоғистон ва Сингапур ўз минтақаларида - Марказий ва Жануби-Шарқий Осиёда бир-бирининг энг йирик савдо ҳамкорлари бўлиб қолмоқда. Томонлар кўп томонлама форматларда ҳам самарали ҳамкорлик қиляпти. «Ҳар икки давлат ҳақли равишда ўрта давлатлар ҳисобланади», деди Қосим-Жўмарт Тўқаев. Давлат раҳбари мамлакатда давлат бошқаруви ва сиёсий тизимни янада такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли сиёсий ўзгаришлар ҳақида ҳам гапирди. Бундан ташқари, суҳбатдошлар транспорт-логистика ва рақамлаштириш соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилди. Ли Сянь Лун, ўз навбатида, давлатимиз раҳбарига ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш имконияти учун миннатдорлик билдирди. Қозоғистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишдаги салмоқли ютуқларини қайд этди. Учрашув якунида Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган салмоқли ҳиссаси учун Ли Сянь Лунни I даражали "Дўстиқ" ордени билан тақдирлади.

Абдумалик Сарманов таржимаси.