Қозоғистон илк бор «HackAlem AI» халқаро хакатонига мезбонлик қилди ва дарҳол жаҳон рекордини ўрнатди. Астанада 21 мамлакатдан 2,5 мингтага яқин иштирокчи йиғилди. Халқаро мусобақа Ҳиндистонда ўрнатилган аввалги натижани ортда қолдириб, Гиннеснинг рекордлар китобига кирди. Ташкилотчилар буни Қозоғистон технологик ҳамжамиятининг ютуғи ва мамлакатнинг юқори салоҳияти тасдиғи, деб атади. «HackAlem AI» бизнес ва давлат олдида турган реал вазифаларга сунъий идрок асосидаги ечимларни таклиф этади. Иштирокчи, талаба ва ёш мутахассислар буни беш соатда уддалаши зарур. Вазифалар энергетика ва молиядан тортиб, таълим, логистика ва савдога қадар ўнта йўналишни қамраб олади. Замонавий технологиялар билан ишлаш учун иштирокчиларга «OpenAI» ва «NVIDIA» воситаларидан фойдаланиш имконияти яратилди. Аризона штати университети ҳам қўшимча таълим ресурсларини тақдим этди.
Ўлжас Аманкелтин, Назарбаев Университет талабаси:
– Биз ўзимиз ўрганган «Бошқарув» йўналишини танладик. Одамлар турли хил фавқулодда вазиятларга тушиб қолиши ва полиция, "тез ёрдам", ўт ўчирувчиларни чақиришга эҳтиёж туғилиши мумкин. Биз бу хизматларни битта иловага жамладик. Яъни фойдаланувчи иловага кириб, ўзига зарур хизматни танлайди. Ҳодисани ёзади, турган жойи автомат шаклда аниқланади. Илова фойдаланувчининг қаердалигини билади ва операторга хабар юборади. Оператор эса ўз тизими орқали тегишли диспетчерга йўлланма беради.
Аммо прототип яратиш билан иш тугамайди. Истиқболли лойиҳаларни пилот тартибида синаш имкони ҳам берилади. Энг яхши сунъий интеллект ечимлари муаллифлари 200 минг долларга тенг соврин жамғармасини тақсимлаб олади. Ғолиблар катта технологик майдончада эълон қилинади. Расмий тақдирлаш маросими «AI & Digital Bridge 2026» халқаро форуми доирасида ўтказилади.
Асет Абдуалиев, Silkroad Innovation Hub бош директори:
- Ушбу тадбир Қозоғистонда ўтказилаётган «AI MONTH» - сунъий идрок ойлиги доирасидаги биринчи анжуман. Сунъий интеллект ҳамда ҳисоблаш қувватлари янги нефтга ўхшаган нарса, улар фақат хомашё эмас, экспорт қилишимиз мумкин бўлган янги захира каби ишлатилиши зарур. Биз сунъий идрокни нафақат минтақамизда, балки бутун дунёда ривожлантиришга ёрдам берувчи қатор билимларни экспорт қила бошладик. 1 октябрь куни энг яхши ечимни танлаймиз, ғолиб пул мукофотига эга бўлади, тегишли корхоналарда ўз ечимларини рўёбга чиқаради.
Абдумалик Сарманов таржимаси.

