Оксфорд университети талабалари Туркистонда қозоқтилини ўрганяпти

Оксфорд университети талабалари Туркистонда қозоқтилини ўрганяпти

Оксфорддан Туркистонга - қозоқ тилини ўрганиш учун. Буюк Британиянинг Оксфорд университети талабалари мамлакатимизга икки ҳафталик тил ўрганиш дастурида иштирок этиш учун келди. Дарслар Хўжа Аҳмад Яссавий номли Халқаро қозоқ-турк университетида ўтказилади. Тингловчилар грамматика ва лексикани, қозоқ тилида мулоқот қилишни ўрганади, мамлакат маданияти билан танишади. Дастур Қозоғистон Фан ва олий таълим вазирлиги томонидан икки давлат олий ўқув юртлари ва илмий марказлари  ҳамкорлигида ташкил этилди. У халқаро аудиториянинг қозоқ тилига қизиқишини кенгайтиришга ёрдам бериб, янги имкониятларга йўл очади.


Рори Кронин, Оксфорд университети талабаси /Буюк Британия/:


– Дидар домлага катта раҳмат айтмоқчиман. У Оксфордда дарс беради ва бизга қозоқ тилини факультатив сифатида ўрганишни таклиф қилди. Машғулотлар ҳафтасига икки марта ўтказилади ва тўрт соатдан давом этади. Марказий Осиё мен учун жуда қизиқ минтақа. Қозоғистонни чуқурроқ билишни истайман. Давлат тилини ўрганиш - мамлакат маданияти билан танишишнинг энг яхши усулларидан бири.


Даниель Ливинстон, Оксфорд университети талабаси /Буюк Британия/:


- Мен тил ўрганишни жуда яхши кўраман. Бир дўстим бепул қозоқ тили курси борлиги ҳақида айтганди. Туркий тиллардан бирини ўрганиш ҳамда маданияти билан яқиндан танишиш менга жуда қизиқ туюлди. Қозоқ тили бўйича билимимни такомиллаштириш, Қозоғистон ва Марказий Осиё ҳақидаги тушунчаларимни янада бойитишни хоҳлайман.


Бу ерда қозоқ тилини ўрганиш аудитория билан чекланиб қолмайди. Талабалар Туркистон, Чимкент ва Тарознинг тарихий жойларидаги учрашувлар, саёҳатлар чоғида оғзаки нутқини ривожлантира олади. Шу тариқа, янги сўз ва ибораларни амалда қўллаб ҳам кўради. Қозоғистон тарихи ҳамда маданияти ҳақида кўпроқ маълумот олади.


Дидар Содиқ, Оксфорд университетининг қозоқ тили ўқитувчиси:


– Қозоқ тилини ўрганишга талаб катта. Европа ва АҚШда Қозоғистонга қизиқиш ортиб боряпти. Кўпчилик мамлакатни тарихий, сиёсий, иқтисодий жиҳатдан ўрганиш истагида. Айни вақтда, Марказий Осиё ва Евросиё етарлича ўрганилмаган. Шунинг учун, ўйлайманки, бу ўн йилликда Британия университетлари қозоқ тилини ўрганиш курсларини тўлақонли академик фанлар сифатида жорий эта бошлайди.


Абдумалик Сарманов таржимаси.