Астанада сунъий интеллект бўйича III Халқаро
олимпиада очилди. Нуфузли мусобақада дунёнинг 100 тадан зиёд давлатидан 500
нафардан кўп ўқувчи иштирок этмоқда. Олимпиадага Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев старт берди. Давлат раҳбари ўз
нутқида Қозоғистоннинг стратегик жиҳатдан рақамли ривожланиш йўлини танлаганини
таъкидлади.
Қосим-Жўмарт Тўқаев,
Қозоғистон Республикаси Президенти:
-
БМТнинг Электрон ҳукуматни ривожлантириш индексида Қозоғистон 193 давлат
орасида 24-ўринни эгаллади. Янги технологияларга тайёрлик бўйича Марказий
Осиёда пешқадаммиз. Биз
сунъий интеллект давлат, иқтисод ва бизнесни бошқаришнинг муҳим воситаси
бўлган, жамият ҳаётининг барча соҳаларига кириб борадиган ягона инновациявий экотизимни яратмоқдамиз. Бундан
ташқари, 1 июлдан кучга кирган Қозоғистоннинг янги Конституциясида мамлакатни
инновацияларга асосланган ҳолда ривожлантиришнинг асосий йўналиши аниқ белгилаб
қўйилган. Биз жараёнларнинг
бошланишида турибмиз.
Ўтган йили Пекинда ўтказилган сунъий интеллект
олимпиадасида мамлакатимиз ўқувчилари учта олтин, битта кумуш ва учта бронза
медалини қўлга киритганди. Бу ютуқ қозоғистонлик ёшларнинг интеллектуал ва
ижодий салоҳиятини яна бир бор тасдиқлайди. Ва бу ўқитувчи ва ўқувчиларнинг биргаликдаги меҳнати,
давлатнинг эътибори ва мамлакатда таълим сифати мунтазам оширилаётгани натижаси. Президент Олимпиада
сунъий идрок тадқиқотчилари
халқаро ҳамжамиятини ривожлантиришга кучли туртки беришига ишонч билдирди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев,
Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Илм барча даврларда одамларни бирлаштирган, тараққиёт чўққиларига
етаклаган. Билимларингиз тиббиёт, таълим, экология ва бошқа муҳим соҳаларда янги
ечимларнинг асоси бўла олади. Эҳтимол, айнан шу ерда, ушбу Олимпиадада дунёни яхши томонга
ўзгартирадиган янги ғоялар ва лойиҳалар пайдо бўлар.
Анжуман доирасида Қосим-Жўмарт Тўқаевга Халқаро олимпиада тузилмалари, танлов топшириқлари ва автоном робот иши намойиш қилинди.
Абдумалик Сарманов таржимаси.

