Қозоқ ёзувчиларининг 15 та китоби Стокгольмдаги Нобель кутубхонаси жамғармасига топширилди. Эзгу ташаббусга қозоғистонлик журналист, шоир Дуйсанали Алимақин бошчилик қилди. У Швеция академиясининг таклифини олган. Илмий сафарга ўз кутубхонасидан қозоқ адабиётининг сараланган ёрқин намуналарини олиб борган. Улар орасида Буюк Абайнинг инглиз тилидаги асарлари ва Илёс Жансуғировнинг "Қулагер" поэмаси, шунингдек, Таласбек Асемқуловнинг испан тилига таржима қилинган "Талтус" романи бор. Бу "Китоб ўқийдиган миллат" дастури доирасида қозоқ адабиётини халқаро миқёсда танитиш йўлидаги муҳим қадам.
Дуйсанали Алимақин, қозоғистонлик журналист, шоир:
– Нобель кутубхонаси кутубхоначиси Ларснинг сўзларига кўра, бундай хайрли ташаббус икки мамлакат тарихи ва маданиятини боғловчи ўзига хос кўприк бўлади. Унинг фикрича, бу хорижий китобхонларга, Швеция ҳамда Шимолий Европанинг бошқа мамлакатларидагиларга қозоқ адабиёти билан яқиндан танишиш имконини беради.
Абдумалик Сарманов таржимаси.

