Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев амалий ташриф билан Қарағанди вилоятида бўлди. Давлат раҳбари саноатни модернизация қилиш ишлари билан танишди. Президентга Темиртовнинг янгиланган транспорт инфратузилмаси намойиш этилди. Шаҳардаги трамвай тармоғини Qarmet компанияси икки йил олдин тиклади, 30 километр из алмаштирилди ва 8 та замонавий трамвай сотиб олинди. Президент Темиртау жадал ривожланаётганини, уни ободонлаштиришни давом эттириш муҳимлигини таъкидлади.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
– Тушунишимча, меҳнат жамоасининг кайфияти анча яхшиланди. Энг муҳими - ижобий тенденциялар мавжуд. Албатта, комбинатни тараққиёт, муваффақият ва ҳатто, сизга айта оламанки, фаровонлик тимсолига айлантирамиз.
Давлат раҳбари "Qarmet" конвертер цехи фаолияти билан ҳам танишди. У пўлат эритишдаги асосий бўғин ҳисобланади. Президентга домна печидаги суюқ чўян қандай пўлатга айлантирилиши, кейин қуйиш машиналарига юборилиши намойиш этилди. «Qarmet» компанияси 2024 йилда бу ерда иккита конверторни капитал таъмирлаб, замонавий конструкциялар ўрнатди. Модернизация маҳсулот турларини кенгайтириш, эритиш ҳажмини кўпайтириш ва ускуналарнинг ишончлилигини ошириш имконини беради. Жорий йил якунига кўра, компания 4 миллион тонна пўлат, 3,6 миллион тонна кўмир концентрати ҳамда қарийб 4 миллион тонна темир рудаси концентратини ишлаб чиқариш ниятида.
Президентга иккита кокс батареяси қурилиши ҳақида маълумот берилди. Уларнинг ҳар бири 8 метр баландликдаги камералари бўлган 54 та печни ўз ичига олади. Агрегатларнинг ишга туширилиши оқибатида кокс таъминотида узилиш бўлмаслиги кафолатланади. Сифат ва экологик хавфсизликнинг юқори даражаси таъминланади. Батареялар келгуси йилда фойдаланишга топширилади.
Қосим-Жўмарт Тўқаев «Qarmet» прокат мажмуасига ҳам борди. Янги цех ўта чидамли қурилиш арматуралари ишлаб чиқариш имконини беради. Йилига 540 минг тонна маҳсулот бериш қувватига эга лойиҳанинг ҳамкори – Хитойнинг CERI компанияси. Эслатамиз, «Qarmet» инвестиция дастурининг умумий ҳажми 3,5 миллиард доллар. Комбинатда 4 та янги лойиҳа амалга оширилмоқда. Айни вақтда корхонани модернизация қилиш бўйича кенг кўламли дастур йўлга қўйилган.
Абдумалик Сарманов таржимаси.

