Қозоғистон мактабларида 10 минг нафардан зиёд педагог иш бошлади

Қозоғистон мактабларида 10 минг нафардан зиёд педагог иш бошлади

Тобора кўпроқ қозоғистонлик ёшлар ўқитувчилик касбини танламоқда. Бу соҳага меҳнат бозорида талаб юқори. Лекин тараққиёт ва рақамли технологиялар соҳага катта таъсир кўрсатяпти. Ўқитувчиларнинг республика август анжуманида Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев малака ошириш ва кадрлар салоҳиятини такомиллаштиришни «таълим тизимининг устувор вазифаларидан бири», деб атади. Фан ва олий таълим вазирлиги маълум қилишича, янги талабларни инобатга олган ҳолда педагогика йўналиши талабалари учун шартлар қайта кўриб чиқилмоқда. Асосий вазифа - мактабларни замонамизга мос малакали кадрлар билан таъминлашдан иборат.


Наужан Дидарбекова, Қозоғистон Республикаси Фан ва олий таълим вазирлиги Олий ва олий таълимдан кейинги таълим қўмитаси раиси ўринбосари:


- Умуман олганда, педагогика ихтисосликларига давлат буюртмаси ҳажми ўзгармади. Лекин педагог кадрларни тайёрлаш сифатига эътибор қаратиш режалаштирилган. Ҳозир айнан ушбу йўналиш бўйича иш олиб борилмоқда. 2026-йилги таълим грантлари танлови таҳлили асосида шуни айтиш мумкинки, педагоглик касбига қизиқиш йил сайин ортиб боряпти. Битта ўринга ҳисоблаганда, талабгорлар жуда кўп.


Қишлоқ мактабларини кучайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Бундай таълим масканларига ўқитувчиларни жалб қилиш учун қўшимча  чоралар кўрилмоқда. Шулардан бири - «Диплом билан қишлоққа» дастури. У ўқитувчиларга уй-жой сотиб олиш ёки қуриш учун қўшимча тўлов ва имтиёзли кредит олиш имконини беради. Гуруҳ тарзида ишга қабул қилиш тартиби ҳам мавжуд. Бунда бир мактабга турли ихтисосликларга эга бир нечта ўқитувчи юборилади. Ёш мутахассислар янги жойга мослашиб кетиши учун менторлик тизими йўлга қўйилган. Тажрибали ўқитувчилар бошқа ҳудудга кўчиб борганида, юқорироқ малака тоифасига эга бўлади. Таълим вазирлиги маълум қилишича, бу тизим яхши натижа бермоқда. Жорий ўқув йилининг дастлабки 15 кунида бўш иш ўринлари сони 1100 тадан кўпроққа қисқарган.


Зейнеп Махсутова, Қозоғистон Республикаси Маориф вазирлиги Ўрта таълим қўмитаси раиси ўринбосари:


- Жорий йилда, яъни 2026-2027 ўқув йили бошида 10 минг нафардан зиёд ёш мутахассис мактабларга танловсиз ишга қабул қилинди. Уларнинг 2 минг нафари - «Олтин белги» соҳиблари. Бундан ташқари, юқори малакали ўқитувчиларни талаб энг катта бўлган чекка ҳудудларда ишлашга рағбатлантирувчи махсус дастур қабул қилинди.


Абдумалик Сарманов таржимаси.