Қосим-Жўмарт Тўқаев вице-президент ва Бош вазирни тайинлади

Қосим-Жўмарт Тўқаев вице-президент ва Бош вазирни тайинлади

Қозоғистон сиёсий тизимида янги лавозим пайдо бўлди. Давлат раҳбари  Қосим-Жўмарт Тўқаев Қурултой йиғилишида Конституциянинг 46-моддасига биноан, депутатлар билан мамлакат вице-президенти номзодини келишиб олди. Ушбу вазифага Президент Ерлан Тинимбайули Қарин номзодини таклиф қилди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

– У анча йиллар адвлат бошқаруви тизимида ишлаган, катта куч-ғайратга, бой тажрибага эга ва чинакам ватанпарвар. У кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишда иштирок этди, узоқ муддатли давлатчилик стратегиясини ва мамлакат тараққиётининг ижтимоий-иқтисодий истиқболларини кўра олади.

Қолаверса, Қосим-Жўмарт Тўқаев Қурултойдаги сиёсий партиялар фракция раҳбарларининг фикрларини инобатга олиб, Бош вазир лавозимига  Ўлжас Абаевич Бектенов номзодини кўрсатди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Бу давлат хизматчиси, билимдон мутахассис, ҳақиқий профессионал. Ўз ишига катта масъулият билан ёндашади. Ва илгари ҳам Ҳукумат раиси ўлароқ сермаҳсул ишлади. Айни пайтда, мамлакат олдида кенг кўламли вазифалар турибди. Бу ҳақда Қурултойнинг илк йиғилишида батафсил айтиб ўтдим. Бугунги кунда Қозоғистон амалда улкан қурилиш майдонига айланган. Турли инфратузилмавий лойиҳалар рўёбга чиқарилмоқда. Шу билан бирга, ҳали кўп иш қилинмоғи даркор.

Овоз бериш якунига кўра, депутатлар кўпчилик овоз билан вице-президент лавозимига Ерлан Қарин, Бош вазир вазифасига эса Ўлжас Бектенов номзодини маъқуллади. Давлат раҳбари Қосим-Жўмарт Тўқаев Қурултой  депутатларига таклиф этилган номзодларни қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирди.

Абдумалик Сарманов таржимаси.