Қозоғистон Истеъдодларни рақобатбардошлилиги глобал индексидаги ўрнини яхшилади

Қозоғистон Истеъдодларни рақобатбардошлилиги глобал индексидаги ўрнини яхшилади

Қозоғистон Истеъдодлар рақобатбардошлилиги глобал индексида бир йил ичида 39-ўринга кўтарилди. Хусусан, профессионал ва техник кўникмалар бўйича юртимиз 122-ўриндан 83-ўринга чиқди. Коллеж лабораториялари ва устахоналари замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланиши, дуал таълим равнақ топаётгани, техник ихтисосликлар бўйича таълимий грантлар сони ошаётгани бунга хизмат қилмоқда. Шунингдек, Қозоғистоннинг WorldSkills ҳаракатида фаол иштирок этаётгани, ишчи кадрлар тайёрлаш даражаси жаҳон стандартларига мослаштирилгани ҳам бунга ижобий таъсир кўрсатган. Айтиб ўтамиз, Қозоғистон меҳнат бозорида профессионал билимлар билан бир қаторда универсал кўникмалар ҳам тобора кўпроқ аҳамият касб этиб бормоқда. Улар орасида соҳа вакиллари танқидий тафаккур, мослашувчанлик ва рақамли саводхонликни алоҳида кўрсатади.

Жулдиз Сулейменова, Қозоғистон Республикаси Маориф вазири:

– Жаҳондаги технологик ўзгаришлар касблар тузилишига ҳам таъсир қилади.  200 дан ортиқ янги касблар пайдо бўлади, мавжудларидан 100 га яқини ўзгаради, 125 та касб мутахассисларига талаб пасаяди. Бу тенденциялар техник ва профессионал таълимни меҳнат бозоридаги ўзгаришлар, технологик янгиланишларга ўз вақтида мослаштирув тизимини талаб қилади.

Абдумалик Сарманов таржимаси