Қозоғистон Миллий спорт университети Халқаро Олимпиада қўмитасининг глобал тадқиқот марказлари тармоғига қўшилди. Шу тариқа Қозоғистон Марказий Осиёдан Олимпиада тадқиқотлари ва тадқиқот марказлари тизимида иштирок этадиган илк давлат бўлди. Ушбу мақомга эришиш учун университет халқаро талабларга жавоб бериши керак. Тегишли мутахассислар инфратузилма, таълим дастурлари ва илмий ишларни баҳолади. Таъкидлаш жоизки, университетда Олимпиада тадқиқотлари, таълими ва мероси маркази фаолият юритади. Олимпиада ҳаракатининг тарихи ва қадриятлари ўрганилади, тадқиқотлар ва илмий тадбирлар ўтказилади. Халқаро тармоққа қўшилиш университетга хорижий марказлар билан ҳамкорлик қилиш, тадқиқот ва таълим амалиётларини баҳам кўриш имконини беради.
Турсинзода Қуанғалиева, Қозоғистон Миллий спорт университети ректори:
- Бизнинг вазифамиз Қозоғистон спортини ривожлантирувчи соҳа вакилларининг янги авлодини тайёрлашдан иборат. Ишга мажмуавий ёндашамиз: спорт, таълим, фан, спорт тиббиёти ва реабилитация, менежмент, рақамли технологиялар ва сунъий идрокни ягона экотизимга бирлаштирамиз. Навбатдаги вазифа - халқаро мақомни аниқ натижалар билан тасдиқлаш: тадқиқотлар ўтказиш, янги таълим дастурларини яратиш ва хорижий марказлар билан халқаро ҳамкорликни ривожлантириш. Шу билан бирга, олимпиада ҳаракати йўналишида илмий базамизни янада шакллантирамиз. Ишонаманки, бу спорт соҳаси учун бўлажак кадрларни тайёрлаш жараёнини янги босқичга олиб чиқади.
Абдумалик Сарманов
таржимаси

