Қозоғистон қишлоқ мактабларида СИ ёрдамида онлайн дарслар ўтказилади

Қозоғистон қишлоқ мактабларида СИ ёрдамида онлайн дарслар ўтказилади

Шаҳар ўқитувчилари олис қишлоқлардаги ўқувчиларга юзлаб километр масофадан туриб дарс бериши мумкин. Қозоғистонда сунъий идрок технологияларига асосланган янги лойиҳа ишга туширилди. Ҳозирча у 10 та кичик мактабда жорий этилди. Дарслар онлайн тарзда ўтказилади. Келгуси икки йилда лойиҳани минглаб мактабларга татбиқ қилиш кутиляпти. Бу эса қишлоқлардаги ўқувчилар учун қўшимча таълим имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.


Алмасбек Қалдибек, Қизил Ўрда вилоятидаги 84-бошланғич мактабнинг информатика ва рақамли саводхонлик фани ўқитувчиси:


- Таълим жараёни учун махсус платформа яратилди. Барча материаллар сунъий идрок ёрдамида таҳлил қилинади. Тизим ҳар бир ўқувчининг билим даражасини баҳолаш, унинг малакасини аниқлашга ёрдамлашади. Болалардан қайси бирига қўшимча ёрдам керак, қайси мавзуда бўшлиқлар бор, педагог нималарга аҳамият бериши кераклигини аниқлайди. Айни вақтда, қишлоқ мактаблари ўқувчилари туман марказларидаги юқори малакали ўқитувчилар билан онлайн тарзда шуғулланиш имкониятига эга бўлади.


Ҳозирча технология тўртинчи синф ўқувчиларига мўлжалланган. Шуни таъкидлаш керакки, сунъий идрок ўқитувчи ўрнини боса олмайди. У фақат мавзуни ким яхши ўзлаштирганини, ким хатоларга йўл қўяётганини ва кимга қўшимча тушунтириш кераклигини аниқлашга ёрдам беради. Тизим ўқувчиларнинг жавобларини таҳлил қилади ва қўшимча тушунтиришга эҳтиёж бор-йўқлигини аниқлашга ёрдамлашади.


Анел Таласпай, Павлодар вилоятидаги С. Тлектес мактаби бошланғич синф ўқитувчиси:


- Ҳозир онлайн дарслар ҳафтасига уч марта ўтказилмоқда. Онлайн педагог машғулотнинг асосий қисмини олиб боради, топшириқлар беради, бевосита синфда бўлган ўқитувчи эса болаларга ёрдамлашади, ишини, интизомини ва топшириқларнинг ўз вақтида бажаришини назорат қилади. Шунингдек, тизим ҳар бир дарсдан кейин уни батафсил таҳлил қилиш имконини яратади. Ўқувчининг турли босқичлардаги топшириқлар бўйича натижаларини кўрсатади. Биз бола материални қанчалик ўзлаштирганини, нималар устида ишлаши кераклигини кўрамиз.


Абдумалик Сарманов таржимаси