Инсон капиталини ривожлантириш – Қозоғистоннинг стратегик устуворлиги

Инсон капиталини ривожлантириш – Қозоғистоннинг стратегик устуворлиги

Инсон капиталини ривожлантириш – Қозоғистоннинг стратегик устувор йўналишларидан бири. Таълим олиш ҳуқуқи янги Конституцияда мустаҳкамланди, таълим тизими замон билан ҳамнафас бўлиши, янги талабларга жавоб бериши учун трансформация қилинмоқда. Йўналишлардан бири - мактаб ва коллежларда сунъий идрокни жорий этиш билан боғлиқ. Май ойида Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев тегишли Фармонни имзолади, ҳукумат эса 2029 йилгача бўлган Мажмуавий режани қабул қилди. 1 сентябрдан бошлаб пилот лойиҳа Павлодар ҳамда Қўстанай вилоятлари мактабларида бошланди. Шу билан бирга, ўқитувчилар ҳам рақамли воситалар билан ишлашни ўрганади. 300 мингдан ортиқ муаллим тайёргарликдан ўтди. Ўрта таълим қўмитаси раиси ўринбосари Жўмарт Карамбаевнинг сўзларига кўра, улар дарсларга тайёргарлик кўриш ва топшириқлар беришда сунъий интеллектдан фойдаланади.

Жўмарт Карамбаев, Қозоғистон Республикаси  Таълим вазирлиги Ўрта таълим қўмитаси раиси ўринбосари:

- Вазирлик болаларда асосий фанлар бўйича негиз бўладиган билимларни, шунингдек, рақамли саводхонлик ва танқидий фикрлашни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Агар бола асосий фанларни жуда яхши ўзлаштирса, у рақамли маконда мўлжални бехато олади. Танқидий фикрлаш ўзгарувчан дунёга мослашишни осонлаштиради.

Қозоғистонда олий таълим тизими кенг кўламли ўзгаришларни бошдан кечирмоқда. Мамлакатда янги, шу жумладан, сунъий интеллектга йўналтирилган университетлар очилмоқда. Давлат раҳбарининг топшириғига биноан, жорий йилда «Qazaq AI Research University» ишга тушди. Хорижий олий таълим муассасалари филиаллари тармоғи ҳам кенгайиб бормоқда. Ҳозир жаҳон университетларининг 7 та кампусини очиш бўйича музокаралар олиб бориляпти, 33 таси ишга туширилди. Уларда ўқиётган 9 мингдан ортиқ талаба халқаро таълим дастурлари бўйича янги касбларни эгаллаб, икки диплом олиши мумкин.

Жанна Есинбаева, Қозоғистон Республикаси Фан ва олий таълим вазирлиги Олий ва олий ўқув юртидан кейинги таълим қўмитаси раиси ўринбосари:

 - QS халқаро рейтингида Қозоғистоннинг таълим сифатини тасдиқлаган йигирмага яқин олий ўқув юрти бор. Бу йил «Times Higher Education» глобал рейтингида олий таълим муассасаларимиз тақдим этилди ва яхши натижалар кўрсатди. Биз қирққа яқин стратегик шерикни жалб қилдик. Бугунги кунда Қозоғистон Республикаси ҳудудида халқаро стандартлар бўйича кадрлар тайёрлашни таъминлаган 33 та хорижий филиал мавжуд. Биз ҳамкорларга суянган ҳолда мутлақо янги академик муҳитни ярата бошладик, тегишлича, илм-фан соҳаси ҳам сезиларли даражада кучаяди.

Абдумалик Сарманов таржимаси