Қозоғистон «Horizon Europe» дастуридаги иштирокини кенгайтирмоқда

Қозоғистон «Horizon Europe» дастуридаги иштирокини кенгайтирмоқда

Қозоғистон Европанинг илмий тадқиқотлар ва инновациялар дастури - «Horizon Europe» таркибидаги ҳамкор мамлакат бўлиш ниятида. У илмий ишланмаларни молиялаштиради, турли мамлакатлар олимларига биргаликда янги технологиялар яратишда ёрдамлашади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу мақом Қозоғистон университетлари, илмий ташкилотлари ва компанияларига халқаро лойиҳаларда кенгроқ иштирок этиш ҳамда Европадан молия жалб қилиш имконини беради. Тегишли ҳужжатлар Еврокомиссияга юборилди. Ҳозир томонлар ҳамкорлик шартларини муҳокама қилмоқда. Қозоғистонлик олимлар ва компаниялар дастурда иштирок эта бошлади. Мурожаатлар сони сезиларли даражада ошди. 2023 йилда 15 та ариза топширилган бўлса, жорий йилда салкам 200 га етди. Ўтган йили тадқиқотлар учун 1 миллион 770 минг евро грант жалб қилинди. Астанада университет, илмий ташкилот, бизнес вакиллари ҳамда европалик экспертлар 2027 йилги танловларга тайёргарликни муҳокама қилди. Иштирокчиларга хорижий ҳамкорларни топиш, қўшма тадқиқот жамоаларини шакллантириш билан бирга лойиҳаларини молиялаштириш ҳақида маълумот берилди.

Алия Сембаева, «Horizon Europe»нинг Қозоғистондаги миллий координатори:

- Назарий илмлардан инновациявий лойиҳаларгача, стартаплар, глобал компанияларни маблағ билан таъаминлаш имкониятлари мавжуд. Қозоғистон нодир ер металлари бўйича қатор келишувларга эга. Бу йил иккита шартнома имзоланди. Тиббиёт билан соғлиқни сақлаш соҳасидаги Қозоғистон ташкилотлари ҳам молиялаштирилди. Сунъий идрок Европа Иттифоқи учун ҳам янги йўналиш, ҳозир у, барча устуворликлар билан бир қаторда «Horizon Europe» учун юборилган мурожаатларнинг мажбурий таркибий қисми сифатида ҳисобга олинади.

Мариус Пуожюнас, Европа Иттифоқининг Қозоғистондаги ваколатхонаси Сиёсат, матбуот ва ахборот бўлими ходими:

- Бугунги кунда ўта муҳим хомашёга алоҳида эътибор қаратиляпти. Унинг аҳамияти тақчиллик ва таъминот занжирларининг беқарорлиги туфайли ортиб бормоқда. Қозоғистон бундай захираларга эга, ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун имкониятлар мавжуд. У ривожланиши учун ишонч мустаҳкамланиши, қонунчиликда юз бериши мумкин бўлган ўзгаришларни олдиндан кўриш муҳим. Бундай учрашувлар фикр алмашиш, янги ҳамкорлар топиш, ишончни мустаҳкамлаш учун замин яратади.

Абдумалик Сарманов таржимаси